Ўзбекистоннинг божхона тажрибаси Покистон эътиборида
Илғор тажриба, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасида Покистон Ислом Республикаси Даромадлар кенгашининг божхона операциялари бўйича аъзоси Сайед Шакил Шоҳ бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Насиров, қўмитанинг тегишли таркибий тузилмалари раҳбарлари ҳамда Покистон делегацияси вакиллари иштирок этди.

Мулоқотда икки мамлакат ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, замонавий божхона маъмурчилигини жорий этиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, ўзаро савдо бўйича божхона статистикаси маълумотларини алмашишни қайта йўлга қўйиш, Покистоннинг «Single Window» — «Ягона дарча» тизими фаолияти, транзит ташувларида GPS электрон пломбалардан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, божхона соҳасида сунъий интеллект, хавфларни бошқариш ва Behavior Analysis — хулқ-атвор таҳлили йўналишларида илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Покистон делегацияси Ўзбекистон божхона хизматининг Таргетлаш маркази фаолиятига юқори баҳо берди.

Қайд этилганидек, мазкур марказ қисқа вақт ичида халқаро миқёсда эътироф этилган илғор тузилмалардан бирига айланган. Унинг фаолияти замонавий технологиялар ва хавфларни бошқариш механизмларидан самарали фойдаланиш орқали божхона назоратини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Покистонда ҳам Таргетлаш марказини ташкил этиш жараёни давом этаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Покистон томони Ўзбекистон тажрибасини чуқур ўрганиш, соҳадаги илғор ёндашувларни ўзлаштириш ва икки давлат мутахассислари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.

Бундай тажриба алмашинуви божхона назоратини янада самарали ташкил этиш, ташқи савдо операцияларида шаффофликни ошириш ҳамда товарлар ҳаракатини тезлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мулоқот давомида божхона соҳасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш масаласи ҳам диққат-марказида бўлди.
Томонлар замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, хавфларни олдиндан аниқлаш ва таҳлил қилиш, транзит ташувлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда божхона жараёнларини автоматлаштириш борасида ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини қайд этди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА