Ўзбекистоннинг АКТ хизматлари экспорти беш йилда қарийб 6 баробарга ошди
Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш жараёни ташқи савдонинг таркибига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, телекоммуникация, компьютер ва ахборотлаштириш хизматлари экспортининг сўнгги йиллардаги жадал ўсиши мамлакатда IT соҳаси аста-секин валюта тушуми келтирадиган муҳим тармоқлардан бирига айланаётганини кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистоннинг АКТ хизматлари экспорти 545,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 61,8 миллион долларга ёки 12,8 фоизга кўп.
Кўрсаткичларни йиллар кесимида таҳлил қилсак, ўсиш суръати янада яққол намоён бўлади. 2022 йилнинг биринчи ярмида АКТ хизматлари экспорти 92,6 миллион доллар бўлган бўлса, 2023 йилда 159,4 миллион, 2024 йилда 281 миллион, 2025 йилда 483,4 миллион долларга етган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса мазкур кўрсаткич 545,3 миллион долларни ташкил қилган.
Шундай қилиб, 2022–2026 йиллар оралиғида экспорт ҳажми қарийб 5,9 баробарга, яъни 452,7 миллион долларга ошган. Бу оддий номинал ўсиш эмас, балки АКТ хизматларининг мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятидаги аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради. Статистикадаги динамикага эътибор берилса, экспорт ўсиши бир маромда эмас, балки айрим йилларда анча юқори суръатларда кечган.
2023 йилда экспорт 2022 йилга нисбатан қарийб 72 фоизга, 2024 йилда эса 2023 йилга нисбатан 76 фоизга ошган. 2025 йилда ҳам юқори ўсиш сақланиб, экспорт ҳажми бир йилда қарийб 72 фоизга кўпайган.
2026 йилда эса ўсиш суръати 12,8 фоизга тушган. Бир қарашда бу секинлашишдек кўринади. Бироқ, бунда база эффектини ҳисобга олиш муҳим. Яъни 2025 йилнинг ўзида экспорт ҳажми 483,4 миллион долларга етгани учун кейинги йилда худди шундай юқори фоизли ўсишни таъминлаш қийинлашади. Бошқача айтганда, АКТ экспорти юқори ўсиш босқичидан нисбатан барқарор ўсиш босқичига ўтаётган бўлиши мумкин.
АКТ хизматлари экспортининг анъанавий товар экспортидан муҳим фарқларидан бири — унинг катта қисми жисмоний логистика ва хомашё ресурсларини талаб қилмаслиги. Масалан, дастурий таъминот, IT-аутсорсинг, булутли хизматлар, техник қўллаб-қувватлаш, рақамли дизайн ва бошқа хизматлар хорижий мижозга Ўзбекистон ҳудудидан туриб кўрсатилиши мумкин.
Бу эса мамлакат учун бир вақтнинг ўзида бир нечта иқтисодий самарани юзага келтиради. Хориждан валюта тушумини оширади. Юқори қўшилган қийматли хизматлар улушини кўпайтиради. IT мутахассисларига талабни оширади. Ёшлар учун янги иш имкониятларини яратади. Экспорт географиясини кенгайтириш имконини беради. Хизматлар экспортининг умумий ташқи савдодаги улушини оширади.
Айниқса, мамлакатда инсон капиталига таянадиган IT хизматларини ривожлантириш Ўзбекистон учун рақобатбардош устунликлардан бири бўлиши мумкин. 545,3 миллион долларлик натижа ижобий кўрсаткич бўлса-да, АКТ экспортининг жадал ўсишини узоқ муддат сақлаб қолиш учун бир қатор масалаларга эътибор қаратиш талаб этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА