
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабарига кўра, 2024 йилда Европа минтақасида қизамиқ билан касалланишга оид 127 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан икки баробарга кўп бўлиб, бу 1997 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.
Ўзбекистонда қизамиққа қарши эмлаш Миллий эмлаш календари асосида амалга оширилади. 2024 йилда эмланган болалар қамрови 99,3 фоизни ташкил этган. Шунга қарамай, республика ҳудудларининг айримларида қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Халқаро иммунизация ҳафталиги доирасида “Қизамиқ касаллигининг ошиши сабаблари, олдини олиш чоралари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда гап борди.
Мутахассислар томонидан қизамиқ касаллигининг олдини олишда болаларни вақтида ва тўлиқ эмлаш энг самарали чора экани таъкидланди. Жумладан, қизамиқ, қизилча ва тепкига қарши бола биринчи марта 12-15 ойлигида, иккинчи марта болалар боғчасига боришидан олдин, яъни 4-6 ёшда эмланиши лозимлиги таъкидланди. Тарғибот тадбирларида “маҳалла еттилиги” ва бутун жамоатчилик биргаликда иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича халқаро ва маҳаллий экспертлар давлат қизамиқ касаллигига қарши вакцина билан узлуксиз таъминлаётганини, қизамиқ касаллигини даволаш жараёнлари замонавий даволаш протоколлари орқали амалга оширилаётганини эътироф этди.
Сенаторлар, соҳа мутахассислари, халқаро ташкилотлар экспертлари, вазирлик, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган давра суҳбати якунида қизамиқ тарқалишига барҳам бериш ҳамда Ўзбекистонни қизамиқдан холи ҳудудга айлантириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА