Ўзбекистонликлар энг кўп қайси давлатларга сафар қилмоқда?
2026 йилнинг январь–август ойларида 5,3 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижий давлатларга сафар қилган.
Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 109,9 минг нафарга кўпайган.
Статистикага кўра, ўзбекистонликлар асосан қўшни давлатларга сафар қилган. Ҳисобот даврида энг кўп ташриф Қирғиз Республикасига тўғри келган — 2 427 526 нафар.
Кейинги ўринларда Қозоғистон — 955 829 нафар ва Тожикистон — 876 650 нафар билан қайд этилган.
Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадда энг кўп борган ТОП-10 давлат қуйидагилардан иборат:
— Қирғиз Республикаси — 2 427 526 нафар;
— Қозоғистон — 955 829 нафар;
— Тожикистон — 876 650 нафар;
— Россия — 257 567 нафар;
— Туркия — 212 265 нафар;
— Саудия Арабистони — 184 155 нафар;
— БАА — 56 910 нафар;
— Хитой — 52 043 нафар;
— Миср — 39 599 нафар;
— Вьетнам — 33 439 нафар.
Шу тариқа, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида ўзбекистонликларнинг хорижий сафарлари географиясида қўшни давлатлар етакчилик қилган.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА