Ўзбекистонлик журналистлар Покистондаги ҳамкорлик имкониятлари билан танишди (+видео)
Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар 15–22 сентябрь кунлари Покистон Ислом Республикасида бўлди.
Ташкил этилган медиа-ташрифда ЎзА ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари, рақамли контент яратувчилар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги медиа ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат ҳаёти, тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш, шунингдек, турли соҳалардаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганишдан иборат бўлди. Медиа делегация мамлакатнинг давлат ва хусусий сектор ташкилотлари, тарихий-маданий масканлари ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолияти билан танишди.
Ташрифнинг илк кунларида ўзбекистонлик журналистлар Покистон Ахборот ва телерадиоэшиттириш вазирлигининг Ташқи тарғибот қаноти вакиллари билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасида ахборот алмашинувини кенгайтириш, телевидение, оммавий коммуникациялар ва медиа соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирликнинг Ташқи тарғибот қаноти йўналишлари бўйича директори Асиф ар-Раҳмон Хон Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва меросига бағишланган қўшма фильм яратиш масаласига ҳам тўхталди.
Маълумотларга кўра, икки мамлакат кинематографлари ҳамкорлигида Бобур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган қисқа фильм, шунингдек, тарихий драма яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Бу борада Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги ҳамда Покистон Ахборот ва телерадиоэшиттириш вазирлиги мутасаддилари ўртасида мулоқотлар олиб борилмоқда.
Асиф ар-Раҳмон Хоннинг таъкидлашича, лойиҳа ҳозирча тайёргарлик босқичида.
Медиа-ташриф доирасида журналистлар Исломобод шаҳридаги Покистон монументи ва Миллий этнография музейида ҳам бўлди. Музей экспозицияларида Покистон ҳудудидаги қадимий цивилизациялардан тортиб, мамлакатнинг 1947 йилда мустақилликка эришиш давригача бўлган тарихига оид материаллар намойиш этилган. Шунингдек, мамлакат халқларининг маданияти, урф-одатлари ва турмуш тарзини акс эттирувчи экспозициялар ўрин олган.
Улар орасида Марказий Осиё халқларига бағишланган бўлим ҳам мавжуд. Унда Ўзбекистонга оид миллий либослар, сўзана, кулолчилик намуналари ва миллий чолғу асбоблари намойиш этилган. Экспозицияда Бобур мирзо, тарихий савдо йўллари, мутафаккирлар ва минтақалар ўртасидаги алоқаларга оид материаллар ҳам ўрин олган. Мазкур намуналар Марказий ва Жанубий Осиё халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар ҳақида тасаввур беради.
Ташрифнинг кейинги манзилларидан бири Тахила музейи бўлди. У Покистоннинг Панжоб вилояти, Равалпинди тумани ҳудудида жойлашган. Музейда Гандхара цивилизациясига оид археологик коллекциялар сақланади. Тахила археологик мажмуаси ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига 1980 йилда киритилган.
Журналистлар Покистондаги замонавий тиббиёт тизими билан ҳам танишди. Жумладан, Исломободдаги Ядро тиббиёти ва онкология институти – NORIга ташриф буюрилди.
NORI 1983 йилда ташкил этилган бўлиб, Исломободдаги ихтисослаштирилган онкология муассасаси саналади. Марказда диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатилади. Муассасада замонавий нур терапияси технологиялари, жумладан, CyberKnife роботлаштирилган радиожарроҳлик тизими қўлланилади. Мазкур технология ўсмаларни юқори аниқликда, жарроҳлик аралашувисиз даволаш имконини беради.
Мамлакатимиз журналистлари Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси фаолияти билан ҳам танишди. Фавқулодда ва мухтор элчи Алишер Тўхтаев билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни, жумладан, таълим, тиббиёт ва тадбиркорлик соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф доирасида журналистлар Лаҳор шаҳридаги тарихий масканлар, жумладан, Бадшоҳий масжиди билан ҳам танишди. Покистон – Ҳиндистон чегарасида жойлашган Вагаҳ чегара ҳудудида анъанавий маросимни кузатиш ҳам медиа-ташрифнинг эътиборли воқеаларидан бири бўлди. Унда Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари иштирокида тантанали юришлар ўтказилиб, икки давлат байроқлари туширилади. Маросим 1959 йилда йўлга қўйилган.
Лаҳорда диний бағрикенглик ва тинчлик масалалари билан шуғулланувчи National Paigham-e-Aman Committee вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди. Мулоқотда Ўзбекистон ва Покистон халқларини яқинлаштириш, тинчлик ва диний бағрикенглик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбатлар давомида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар – Имом ал-Бухорий, Ҳаким ат-Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанднинг илмий-маънавий мероси, уларнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ҳақида ҳам сўз юритилди.
Медиа-ташриф давомида ўзбекистонлик журналистлар Покистоннинг қатор хусусий телеканаллари, жумладан, “Samaa” ва “Hum News” фаолияти билан ҳам танишди. Учрашувларда замонавий медиа технологиялари, рақамли контент яратиш ва икки мамлакат журналистлари ўртасида тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шу тариқа, Покистондаги медиа-ташриф журналистларга мамлакатнинг тарихий ва маданий мероси, ахборот, тиббиёт ва туризм соҳаларидаги имкониятлар билан яқиндан танишиш, икки мамлакат журналистлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим мулоқотлар ўтказиш имконини берди.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА учун махсус