Ўзбекистонлик жангчиларнинг рақамли ёдгорликлари
Тош ёки металлдан ясалган ёдгорликлар вақт ўтиши билан занглайди, ёғоч ёдгорликлар эса, яна ҳам камроқ даражада чидамли бўлади. Хўш, ўтмишдаги буюк жанглар ва қаҳрамонлар ҳақида биз қаердан билиб олишимиз мумкин?
Ёзма манбалар тош ва металлга қараганда анча мустаҳкам эканини вақтнинг ўзи кўрсатди. Агар асл қўлёзма йўқолган ёки йўқ қилинган бўлса ҳам, унинг маъноси оғиздан оғизга ўтиб, сақланиб қолади. Сўзнинг қудрати шунда.
Ҳозирги кунда бутун дунёда Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларига бағишланган ўн минглаб ёдгорлик ва иншоотлар бор. Улар жангчиларнинг урушда кўрсатган инсонийлиги ва жанговар руҳини абадийлаштириш мақсадида ўрнатилган.
Иккинчи жаҳон уруши фронтига Ўзбекистондан қарийб 1 миллион 951 минг нафар киши кетган. Ўша пайтда мамлакатимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг нафар кишини ташкил этган. Шу тарзда, ҳар учинчи ўзбекистонлик қўлига қурол олиб, фашизмга қарши курашга отланган. Шунча одамдан айрилиш республикамиз учун ҳақиқий демографик фалокат бўлиши мумкин эди.
Ҳарбийларнинг кўплаб хотиралари ва архив маълумотлари ҳам урушдаги ўзбекистонликлар кўрсатган мардонаворликларни тасдиқлайди. Афсуски, ҳар бир қаҳрамон учун тош ва металлдан ёдгорлик ўрнатишнинг иложи йўқ. Ана шу пайтда, замонавий технологиялар ёрдамга келади.
Интернет инсониятнинг буюк кашфиётларидан бири бўлди. Унда сўнгги беш минг йил давомида тўпланган деярли барча маълумотлар сақланади. Мавжуд барча тамаддунлар бу ерда ўзининг рақамли изини қолдирган. Бу илм оламида ўз жасорати билан тарих саҳифаларида мангу муҳрланган юзлаб ўзбеклар ҳақидаги маълумотларни ҳам топиш мумкин. Интернет тармоғидаги оддий саҳифалар ҳақиқий рақамли ёдгорликларга айланди. Бу ерда ҳеч бир нарса унутилмайди.
Бизнинг заминимиздан 338 нафар Совет Иттифоқи қаҳрамони, барча учта даражадаги Шон-шараф ордени билан тақдирланган 53 нафар жангчи етишиб чиққан. 120 минг нафар ҳамюртимиз турли ҳарбий мукофотларга сазовор бўлган. Афсонавий Панфилов дивизияси таркибида республикамиз вакиллари Москвани ҳимоя қилган. Ватандошларимиз Сталинград, Кавказ, Смоленск, Киев, Одесса, Севастопольда жанг қилган, Польша, Венгрия ва бошқа давлатларни фашист босқинчиларидан озод қилган. Ўзбекистонда 21-чи ва 44-чи отлиқ ва 258-ўқчи дивизиялари, шунингдек, 90-чи ва 94-алоҳида ўқ бригадалари тузилган.
Интернет тармоғида 13-гвардия ўқчилар корпусининг сапёрлик бўлими қўмондони Сотим Нурматов (1925–1994)нинг жасорати ҳақида ҳам маълумотлар бор. 1945 йил 7 апрелда Калининград остонасида ўзи қўмондонлик қилган сержант ва тўрт нафар сапёрлар душман артиллериячиларидан четлаб ўтиб, 25 нафар Гитлер аскарларини асирга олди ва қуролларини эгаллаб олди. Шундан сўнг Қизил армия жангчилари йўқотилган позицияларни қайтариб олишга уринган душманларга қарши ҳужумга ўтди. Фашистлар муваффақиятга эриша олмади ва Сотим Нурматов ҳамда унинг жангчилари қўшимча кучлар келгунига қадар бу ерни эгаллаб турди.
Интернет тармоғида кўпчилик қаҳрамонларимиздан бири бўлган Жўрахон Усмонов (1923– 1945) кўрсатган қаҳрамонлик ҳақидаги маълумотлар ҳам сақланиб қолган. У 69-ўқчилар дивизиясининг взвод командири ёрдамчиси сифатида 1943 йил 29 сентябрда Гомель вилояти ҳудудидаги Сож дарёсини кечиб ўтишда иштирок этган. Катта сержант взвод билан бирга 30 дан ортиқ душман ҳужумини қайтарган. 9 нафар жангчиси қолганида уларнинг қуроллари тугайди. Ана шундай чорасиз шароитда Жўрахон жасурона ҳаракат қилади – у жанг майдонидан портламаган граната ва патронларни йиғишни таклиф қилади. Жангчилар улкан хавфга қарши мардонавор ҳаракат қилишга журъат этади ва натижада, улар қўшимча кучлар етиб келгунча, етарли қурол-яроқга эга бўлиб, омон қолишди.
Интернет тармоғидаги рақамли ёдгорликларда бундай қаҳрамонликлар ҳақидаги маълумотлар жуда кўп. Унинг юқорида санаб ўтилган имкониятларига қўшимча равишда, бундай ёдгорликлар кўп ҳажмдаги маълумотларни ўзида сақлаши ва ёш авлод учун қулайлигини ҳам қўшиш мумкин. Бугунги ёшлар музей ва кўргазмаларга боришдан кўра, Интернет орқали аждодлари кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида танишиши осонроқ. Айни пайтда, виртуал намойиш анъанавий кўргазмага қараганда анча кенг ва бой бўлади ҳамда ҳеч бир музей ва хотира мажуаси бундай кенг маълумотни ўзида жамлай олмайди.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА