Ўзбекистонлик ёшлар ўқиш учун кўпроқ қайси хорижий юртларни танлашяпти?
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда хорижга бориб ўқиш суръати бир қадар пасайган.
Миллий статистика қўмитаси берган хабарга кўра, жорий 2026 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 16 522 нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида хорижга сафар қилган.
Агар, таққослаб кўрадиган бўлсак, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 8,1 минг нафарга ёки 33 фоизга камайган.
Савол туғилади, ўзбекистонликлар ўқиш учун кўпроқ қайси хорижий юртларни танлаяпти?
Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўзбекистонликлар энг кўп ўқиш учун борган юрт, бу Россия Федерацияси бўлиб турибди.
2025 йилда бу борада қўшни Тожикистон пешқадам эди.
Агар статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, жорий йил Ўзбекистон фуқаролари ўқиш мақсадида энг кўп сафар қилган давлатлар рўйхати қуйидагича кўриниш олади:
Россия – 3 847 нафар;
Қирғиз Республикаси – 2 809 нафар;
Корея Республикаси – 2 118 нафар;
Туркия – 1 818 нафар;
Хитой – 1 248 нафар;
Қозоғистон – 1 112 нафар;
Тожикистон – 904 нафар;
Буюк Британия – 784 нафар;
Германия – 374 нафар;
АҚШ – 231 нафар;
Бошқа давлатлар – 1 277 нафар.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўзбекистонликлар ўқиш мақсадида энг кўп Тожикистонга сафар қилган. Ўшанда Тожикистон Республикасига ўқишга борган талабалар сони 5 534 нафарни ташкил этган.
А.Нарзуллоев, ЎзА