Ўзбекистонлик ёшлар БМТнинг хориждаги ваколатхоналарида амалиёт ўтайди
Ёшлар ишлари агентлиги ва БМТ Волонтёрлар дастури ўртасида ўзбекистонлик ёшларнинг БМТ хорижий офисларида амалиёт ўташи бўйича мухим келишувга эришилди.
Мазкур келишувга мувофиқ, ҳар йили ўзбекистонлик ёшларнинг БМТнинг хорижий мамлакатлардаги офисларида амалиёт ўташини ташкил этиш юзасидан музокаралар якунланиб, ҳамкорлик амалий босқичга ўтди.

Хусусан, ўзбекистонлик ёшларни БМТнинг хориждаги ваколатхоналарига юбориш бўйича амалий дастур бошланди.
Эндиликда ёшларимиз 1 йил давомида Қатар, Сингапур ва Туркиядаги БМТ офисларида фаолият юритиб, халқаро муҳитда тажриба орттириш, профессионал кўникмаларини ривожлантириш ҳамда дунёнинг етакчи экспертлари билан ишлаш имкониятига эга бўлади.

Дастур сунъий интеллект ва инновацион технологиялар, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда халқаро ҳамкорлик ва лойиҳа бошқаруви каби йўналишларни қамраб олади.
Лойиҳа ёшларимизга халқаро билим ва тажриба орттириш ҳамда БМТ тизимида фаол иштирок этиш имконини беради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА