Ўзбекистонлик ёш теннисчилар муваффақиятли старт олди
Фарғона шаҳрида ўсмирлар ўртасида теннис бўйича J100 тоифасига кирувчи халқаро турнир давом этмоқда. Дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан ташриф буюрган ёш теннисчилар яккалик ва жуфтлик баҳсларида ғолиблик учун курашмоқда.
Ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларининг биринчи босқичида ҳамюртимиз Маҳмудбек Бекназаров япониялик Рай Такимотони 6:3, 6:2 ҳисобида мағлуб этиб, иккинчи давра йўлланмасини қўлга киритди. Энди у нейтрал мақомда иштирок этаётган Александр Куницинга қарши кортга чиқади.
Яна бир вакилимиз Алан Зинатулин эса қозоғистонлик Юнус Зулфарни 6:3, 6:1 ҳисобида енгиб, иккинчи босқичда япониялик Сотакагава билан куч синашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шунингдек, Абдураҳмон Каримов, Данила Квасов ва Аҳмаджон Тошмуҳаммедов ҳам дастлабки босқичда рақибларини мағлуб этиб, кейинги даврага йўл олди.
Қизлар ўртасидаги мусобақада ҳам ўзбекистонлик теннисчилар муваффақиятли иштирок этмоқда. Илк босқич якунларига кўра, Элнура Болтабоева ва Нигина Алимова иккинчи даврада ўзаро баҳс олиб боради. Шунингдек, Шаҳзода Ортиқбоева хитойлик Жиайи Ванг, Наргизахон Собитова эса нейтрал теннисчи Юлия Лиахавага қарши кортга чиқади.
Фарғонадаги нуфузли J100 турнири ёш теннисчилар учун халқаро рейтинг очколарини қўлга киритиш ва тажриба орттиришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА