Ўзбекистонлик ёш олим муносиб тақдирланди
Москвада 2023 йилнинг 11–13 декабрь кунлари “Ҳусайн Файзхонов ўқишлари” XIX халқаро мусулмон форуми бўлиб ўтди.
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси ҳамда Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти томонидан ташкил этилган анжуманда Миср, Қатар, Италия, Ироқ, Эрон, Малайзия, Озарбайжон, Мавритания, Афғонистон, Жазоир, Қозоғистон, Қирғизистон, Фаластин, Сурия, Тунис, Туркия, Қувайт, Бирлашган Араб Амирлиги ҳамда Ўзбекистондан вакиллар қатнашди.

“Диний раҳбарларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларни ҳимоя қилиш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ўрни” мавзусида ўтказилган форумда 38 та мамлакатдан 90 дан зиёд муфтийлар, ислом уламолари, давлат ва дин арбоблари, шарқшунослар, сиёсатшунос олимлар, элчи ва дипломатлар иштирок этди. Тадбирда фахрий меҳмон сифатида қатнашган Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори, шарқшунос-манбашунос, исломшунос Комилжон Раҳимовни Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, Россия муфтийлар кенгаши раиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси, фалсафа фанлари номзоди, муфтий Шайх Равиль Гайнутдин қабул қилди.

Самимий суҳбат сўнгида Комилжон Раҳимовга Ҳусайн Файзхонов таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан биринчи марта таъсис этилган юбилей медалини топширилди. Айтиб ўтиш жоизки, бу Комилжон Раҳимовга Россия мусулмонлар жамоатчилиги томонидан тақдим этилаётган биринчи мукофот эмас. Бундан олдинроқ, ўзбекистонлик олим бутун постсовет маконида диний-ахлоқий қадриятларни изчил ўрнатишдаги муносиб ҳиссаси, диний-ахлоқий уйғонишни ривожлантиришдаги роли, Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги салмоқли ҳиссаси ва бошқа хизматлари учун “Вера и честь” ҳамда Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштириш маркази (ШКМММ) раиси, Муфтий шайх Исмоил Бердиевнинг фармонига асосан “За утверждение духовных ценностей” (“Маънавий қадриятларни ўрнатишдаги хизматлари учун”) орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, бир қатор “Фахрий ёрлиқ”лар ҳам олган.
Маълумот учун, "Фаизхановские чтения" (“Файзхонов ўқишлари”) – Россияда ўтказиладиган илмий исломшунослик ва шарқшуносликка бағишланган анъанавий халқаро конференция ҳисобланади. Мазкур тадбирда исломшунослик, шарқшунослик, манбашунослик, тарих, филология, фалсафа, археология ва археография муаммолари муҳокама этилади. Навбатдаги анжуман шарқшунос-манбашунос, татар жадид маърифатпарвар олими Ҳусайн Файзхонов (1823–1866) нинг 200 йиллигига бағишланди.
ЎзА