
Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80-йиллиги кенг нишонланаётган айни кунларда уруш йиллари Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида фикр юритиш, миллионлаб ватандошларимизнинг жанговар ва меҳнат қаҳрамонликларини эслаш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Бу борада халқимиз жасоратининг ёрқин кўринишларидан бири сифатида республикамиздаги тўқимачилик саноати корхоналари, ўша йиллари оғир шароитларда тинимсиз меҳнат қилган минглаб ишчилар, жумладан ўсмирлар ва аёлларни мисол келтириш мумкин.
Ўз даврида нафақат Ўрта Осиё, балки бутун мамлакатда йирик саноат иншоотларидан бири ҳисобланган Тошкент тўқимачилик комбинатининг қурилиши 1932 йил 6 май куни бошланган. Доимий тарзда ўтказилган ҳашар ва шанбаликларда жами 32 мингдан зиёд киши иштирок этган. Унинг бунёд этилишида қатор республикалар, Россиянинг йирик тўқимачилик саноати марказлари, жумладан, Калинин и Серпухов шаҳарларидан жўнатилган юқори малакали инженер-техниклар, ишчиларнинг ҳиссаси катта бўлган.
Пахтадан турли тайёр мато ва газламалар, тикув ва трикотаж иплари ишлаб чиқаришга мўлжалланган Тошкент комбинати 12 минг иш ўринларига мўлжалланган эди. Айни пайтда тўқимачилик соҳалари бўйича маҳаллий ишчиларни тайёрлаш амалга оширилган. Юзлаб ўсмирлар махсус ташкил қилинган ўқув курсларида янги касбларни ўрганишган. Қисқа муддатларга ишга туширилган Тошкент комбинатида пахта матоларининг биринчи метрлари ишлаб чиқарила бошланган.
Ўзбекистонда пахта толасини етиштириш 1935 йили 1453 тоннани ташкил этган бўлса, 1945 йили 12284 тоннага етган, яъни 10 йил ичида деярли 10 марта ошган. Бу рақамлар қишлоқ аҳолисининг қанчалик енгил бўлмаган, айниқса уруш йилларидаги фидокорона қўл меҳнати натижаларини акс эттиради.
Бу хом ашёнинг ошиб бориши натижасида газламалар ишлаб чиқариш ҳам муттасил кўпайиб борган.
Тошкент тўқимачилик комбинати 1938 йили тўла ишга туширилиб, унинг таркибида иккита Йигирув-тўқув ва Йигирув-ип ҳамда Пардозлаш фабрикалари, шунингдек, механик заводи, электроремонт цехи ва бошқа қатор махсус ишлаб чиқариш бўлимлари бўлган. Айни пайтда комбинатнинг учта Йигирув-тўқув филиаллари Тошкент вилоятида жойлашган. 1940 йили Йигирув-тўқув фабрикасининг 116 минг йигирув шпинделлари ва ва 2000 тўқув станокларига мўлжалланган иккинчи катта корпуси қурилиши бошланган. Бу ўз даври учун нафақат республикамиз, балки Иттифоқ миқёсидаги катта иқтисодий ғалаба деб, баҳоланган.
Республика иқтисодиёти учун Тўқимачилик корхонасининг яна бир муҳимлиги – “комбинат” тушунчаси бу ерда янгилик бўлиб, биринчи маротаба вужудга келган.
Иқтисодий кўрсаткичлари йил сайин ошиб борган Тошкент комбинатига оммавий ахборот воситаларининг қизиқиши ҳам кучайган. 1939 йили ўз ижодий фаолиятини бошлаган таниқли кинорежиссёр, Халқ артисти, Меҳнат Қаҳрамони Малик Қаюмовнинг биринчи кино асари – шу корхона ҳақида олинган ҳужжатли фильм Нью-Йоркдаги Жаҳон кўргазмасида намойиш қилиниб, Катта Олтин медалига сазовор бўлган.
Бугун Ўзбекистонда тўқимачилик саноатининг шаклланиши ва самарали ривожланишига катта ҳисса қўшган инсонлар қаторида аввало таниқли давлат арбоби Мирзамаҳмуд Мусахонов номини тилга олишимиз ўринлидир. Бу корхонанинг юксак ишлаб чиқариш салоҳиятига эришиши унинг моҳирона ташкилотчилиги билан чамбарчас боғлиқ. У Москвадаги Тўқимачилик институтини олий баҳолар билан тугатгач, Серпухов шаҳридаги фабрикада меҳнат фаолиятини бошлаган.
Даҳшатли уруш бошланиши арафаси – 1940 йил бошида 28 ёшлик ўзбек инженери Иттифоқ Тўқимачилик саноати Халқ Комиссариати буйруғига биноан Москвадан Тошкент тўқимачилик комбинатига хизматга юборилган. “Москвалик” инженер энг катта ишчи коллективида ўз инженерлик малакасини юксак масъулият билан амалга ошира бошлаган. У тўплаган саноатни ривожлантириш тажрибаси ҳақиқий раҳбарлик маҳоратига эришишида олий ҳаёт мактабига айланган. Унинг яқин тарихимиздаги оғир йиллар давомида бу масканда турли масъулиятли лавозимларда олиб борган фаолияти кенг кўламдаги амалий бошқарув сирларини ўрганишида алоҳида аҳамият касб этган.
Республика миқёсида салоҳияти ошиб бораётган бу ташаббускор раҳбарнинг айниқса уруш йиллари, ундан кейинги мамлакатни тиклашдек қийин даврларда тўқимачилик саноати ривожланишига қўшган ҳиссаси тарихий манбаларда ўз аксини топган. Уруш даври ҳақида гап кетганда, ҳар гал Мирзамаҳмуд Мусахоновнинг юз қиёфаси ўзгариб, овози ҳам бошқача оҳангда чиқаётгандек туюларди. Жумладан, у ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қанчалик арзигулик ҳисса қўшганлиги, жанг кетаётган ҳудудлардан миллионлаб юртимизга эвакуация қилинган одамларни, айниқса, сон-саноқсиз етим болаларни қабул қилиш, боқиш, сақлаб қолиш, иш ва ўқиш билан таъминлаш ўз-ўзидан осонликча бўлмаганлигини алоҳида таъкидларди.
М.Мусахонов ўз хотираларини шундай қайд қилади: “1940 йил бошларида мен Тошкент тўқимачилик комбинатининг ярмиси иш бошлаётган, ярмисига энди станоклар ўрнатилиб, ҳали тўла йўлга қўйилмаган 2-Йигирув-тўқув фабрикасига ишга юборилдим ва бу ерда ипларнинг сифатини таъминловчи махсус бўлимга бошлиқ қилиб тайинландим. Асосий вазифам – энг нозик матолар ишлаб чиқариш учун керакли узун толали пахтани йигириб, ундан ингичка, лекин пишиқ ип тайёрлашни таъминлаш эди. Бунинг учун махсус цехлар ташкил қилиш, уларга турли керакли станокларни бор қисмлардан йиғиб, созлаб, ишга тушириш, сифатли ишлашини таъминлаш масъулияти менга топширилганди. У пайтларда комбинатда станокларни яхши тушунадиган мастер ва инженерлар саноқли бўлиб, бу соҳа бўйича маҳаллий мутахассислар йўқ эди. Бошқа шаҳарлардан келган мастерлар орасида ягона ўзбек мен эдим.
Институтни битирганимдан сўнг, Серпухов шаҳридаги катта фабрикада тўрт йил ишлаганим, бундек катта ишлаб чиқариш “қозони”да “қайнаб”, кўплаб тажрибали ишчи, мастер, инженерлардан иш ўрганиб, кераклигича амалий малака орттирганим энди она юртимда жуда қўл келганди. Комбинатда ўзимни дадил сезардим, ишчилар билан муомала қилишни билардим, уларнинг ҳар қандай саволлари ва мурожаатларга жавоб бера олардим, ишга туширилаётган ёки бузилган станокларнинг ёнига боришдан қўрқмасдим. Ёнимда тажрибали мастерлар йўқлиги, юқори малакали инженер ягона ўзим бўлганлигим сабабли кун бўйи тиним билмасдим. Станоклари бузилиб ёки тўхтаб қолган ишчилар навбатма-навбат ёрдамимни, кўрсатмаларимни кутиб кутишарди. Бу жараёнга жуда қизиқиб, қандайдир бир кўтаринки иштиёқ билан ишга тушиб кетгандим, машиналарни ўз муддатларида ўрнатиб, созлаб, раҳбариятнинг мақтовларига ҳам сазовор бўла бошладим. Кеча-ю-кундуз ишга берилиб, аниқ натижаларга эришишга интилишим бўлса керак, менга янада масъулиятли вазифалар топшира бошлашди. Бир лавозимда узоқ ўтириб қолмадим”.
Уруш давомида асосий пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш манбаи ҳисобланган Ўзбекистоннинг зиммасига юклатилган масъулият – фронтни тўқимачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб бериш бўлган.
Республикадаги бош саноат корхонаси – Тўқимачилик комбинатига эътибор алоҳида бўлиб, унинг уруш давридаги фаолияти шахсан ўша пайтдаги давлат раҳбари Усмон Юсуповнинг доимий назоратида бўлган. У комбинат қурилишидан бошлаб, ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ барча масалаларгача жиддий кузатиб, мунтазам равишда келиб, вазиятни жойида билиб турган. У уруш бошланган куннинг эртасига комбинатга ташриф буюриб, коллектив билан учрашган, уларни руҳлантириб, ғалабага муносиб ҳисса қўшишга чақирган. Мирзамаҳмуд Мусахоновнинг хотирлашича: “Учрашув якунида Усмон ота менинг олдимга келиб, ўнг қўлини елкамга енгил тегизиб, “сизларга ишондим, душманни енгамиз, ғалаба куни албатта келади”, дея, барча комбинат раҳбарлари ва қатор ишчилар билан бирма-бир қўлларини маҳкам сиқиб, хайрлашган”.
Таъкидлаш лозимки, бу улкан иқтисодий объект қурилиши, ишга туширилиши, барча ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ масалалар бевосита раҳбарлар – Акмал Икромов, Усмон Юсуповдан то Шароф Рашидовга қадар уларнинг назоратидан бўлган. Барча муаммолар ўз вақтида ҳал қилинган, истиқболли йўналишлари белгиланган, турли ташаббуслар тўла қўллаб-қувватланган.
Уруш бошлангач, Ленинграддан эвакуация қилинган Ип фабрикаси комбинат таркибига қўшилиб, қисқа муддатда, деярли уч ойдан сўнг, 1941 йил 5 октябрданоқ керакли маҳсулотлар – ип ғалтакларини чиқара бошлаган. М.Мусахонов раҳбарлигидаги бу корхона бутун мамлакат, биринчи навбатда фронт учун керакли ип маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларни тўла таъминлаган ягона фабрика бўлган. Ўта пишиқ газламалар ҳажми 410 млн. метрдан ошган. Айни пайтда, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга қатор махсус бўлимлар ва корхоналарда фронтдаги жангчилар учун ҳарбийлар кийимлар ҳам тикилган.
М.Мусахоновнинг хотира дафтарида ёзилишича, “1-Йигирув-тўқув фабрикасига мудир лавозимимда уруш бошланиб, у тугаганича – бутун халқимиз ватан ҳимояси ҳақида қайғурган оғир йиллар, комбинат коллективи билан кун бўйи эмас, вазият тақозоси билан, кечалари ҳам, сўткалаб ишлашга тўғри келди. Жамоамиз куну-тун, тинимсиз уч сменада бор қувват ва имкониятлардан фойдаланиб, ишларди. 28 минг киши, 10 минг станок тиним билмасди. Бутун мамлакат «Ҳамма нарса фронт учун» шиори остида меҳнат қилаётган даврда, Тошкент комбинати жамоаси ҳам фронт учун бор кучини сафарбар қилишга интиларди. Ўрта толали пахтадан суруп, чит ва дока ишлаб чиқарилиб, улардан жангчиларнинг ички ва уст-бош кийими тикилган. Юқори сифатли, жуда пишиқ ингичка ва узун пахта толасидан махсус «авиация ва парашют матоси” тўқилиб, фронтга жўнатилган. Бундай газлама жанговар самолётлар корпуси ва қанотларига таранг тортилиб, устидан бўялгач, душман сезиши қийин бўлган махсус қоплама сифатида фойдаланилган. Барча ишчиларимиз, инженер-мастерларимиз давлатимиз қандай хавф остида қолганини, фашист газандаларини янчиш кераклигини, зиммамизда нақадар юқори масъулият борлигини чуқур ҳис қилган ҳолда ўз иш жойларида жону-дилдан, бор кучларини, вақтларини, ҳатто соғлиқларини ҳам аямай туну-кун хизмат қилардилар».

Даҳшатли урушнинг илк кунлариданоқ барча завод ва фабрикаларда, шу жумладан, Тошкент комбинатида ҳам қаттиқ меҳнат интизоми ўрнатилиб, 6 кунлик иш ҳафтаси давомида смена вақтидан ташқари яна қўшимча мажбурий 11 соат ишлаб бериш белгиланган. Меҳнат интизомини бузганлар, кундалик вазифаларни бажармаганлар жазоланган. Ҳамма ишга вақтдан аввал келишга ҳаракат қилиб, кечикиш учун ўрнатилган жиноий жавобгарликка учрамасликка интилган.
Бу даврдаги қийинчиликлардан яна бири – уруш бошланиши биланоқ Тошкент комбинатидаги 4 мингдан ортиқ эркак ишчи ва техник ходимлар фронтга чақирилиб, бўш ўринларга хотин-қизларни жалб қилиш, уларга керакли касб-ҳунарларни ўргатиш масаласи бўлган. Сал кам 13 минг ишчининг 64 фоизи ёки 8 мингдан ортиғи аёллардан иборат бўлган. Меҳнат жамоасининг деярли ярмисини мактабни энди тугаллаган ёки кечки мактабларда, техникум ва олий ўқув юртларида ўқиётган ёшлар ташкил қилган.

Шундай вазиятда комбинатнинг кўп мингли жамоасини бирлаштириш, белгиланган режаларнинг тезроқ ва ортиғи билан бажарилишини таъминлаш масъулияти М.Мусахонов зиммасида қанчалик оғир юк бўлганлигини акс эттиради. Бундай вазифанинг уддасидан чиқиш раҳбарлардан катта маҳорат, талабчанлик, чидам, босиқлик ва айни пайтда одамларга инсоний муносабатларни, меҳрибонликни ҳам талаб қилган. Бу синовни шараф билан ўтаган М.Мусахонов ишчилар орасида катта обрў-эътибор қозонган. Барча мураккабликларга қарамасдан, бутун уруш йилларида Тўқимачилик комбинатида унинг қарамоғидаги барча бўлимлар мунтазам равишда ўз режаларини ортиғи билан бажаришга эришган.

Уруш даврида комбинатда хизмат қилган ишчиларнинг меҳнат шароити, атроф-муҳит ҳақидаги хотиралари сақланиб қолган. Улардан айримлари билан танишишнинг ўзи мураккаб даврга хос бўлган ниҳоятда оғир вазиятлар ҳақида тасаввур беради: “Комбинатимиз кеча-ю-кундуз тўхтамасдан ишларди, станокларнинг бирор пайт тўхтаб турганини эслолмайман”, “Цехлардаги чанг ва шовқинга чидаб бўлмасди, иш шароити жуда оғир эди”, “Эсимда бор, мактабни энди битириб, биринчи марта ишга келганимда, жуда қўрқиб кетгандим, цехлардаги иссиқ, нам ҳаво, нафас олиб бўлмасди, бўяш цехининг аччиқ, сассиқ ҳиди, чанг, шовқин мени гангиратиб қўйганди”...

Шундай шароитларда комбинатда ҳар куни, ойлаб, йиллаб, цехма-цех, станокма-станок орасида юрган ягона ўзбек инженери М.Мусахоновнинг аҳволини қайси сўзлар ифодалай олади? Оғир ҳолатларда катта коллективни бирлаштириш, барча цех ва бўлимларнинг самарали ишлашини ташкил қилиш, зарур маҳсулотларни тайёрлаш, фронтга қатъий график бўйича соатма-соат, кунма-кун тинимсиз жўнатилишини таъминлаш комбинат раҳбариятига осон бўлмаган.
Тўқимачилик комбинатида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ўнлаб машҳур ишчи династиялари шаклланган, уларнинг фидокорона иш фаолиятлари доимо қадрланиб, юқори баҳоланган. Уруш даврида
Тошкент комбинати Иттифоқ Олий Совети Президиумининг 1944 йил 4 январдаги фармонига биноан Меҳнат Қизил байроғи ордени билан мукофотланган, 10 маротаба Иттифоқ Касаба уюшмалари Кенгаши, Тўқимачилик саноати Халқ комиссариати ва Ўзбекистон ҳукуматининг Кўчма Қизил байроқларини олишга эришган, 80 ортиқ ишчи ва техник ходимлар турли юксак ҳукумат мукофотлари билан тақдирланган.
Давлат арбоби Маҳмуджон Расулов хотирлашича, унинг онаси Шукурахон Комилова биринчилар қаторида Тошкент тўқимачилик комбинатига ишга кирган ўзбек аёлларидан бўлган. Шукурахон 1938 йили Ўрдадаги 115-мактабнинг 7-синфини битириб, комбинат қошидаги “Фабрика-завод ўқувчилари” номли мактабга ўқишга кирган. Уни тугатган пайтида уруш бошланиб, 18 ёшида комбинатда меҳнат фаолиятини бошлаган. “Онам ёшлигидаги бу оғир даврларни, бошидан ўтган турли қийинчиликларни кўп эсларди. Комбинатда ҳарбий интизом ўрнатилган бўлиб, у ҳар куни эрталаб, ҳали кун ёришмасдан, Ўрдадан ўтадиган тонгги биринчи трамвайга улгуриб, ишга соат 6 га етиб борган. Кўп пайтларда икки, ҳаттоки уч сменада ҳам, уйга қайтмасдан ишлашга тўғри келган. Бунинг эвазига унга кунига бошқа ишчилар қаторида 200 граммдан қора нон берилган.

Онам айниқса М.Мусахоновни ҳурмат билан тилга олиб, жуда илиқ сўзлар билан эсларди. Бу инсон номини биринчи марта ёшлигимда онамдан қайта-қайта эшитиб, эслаб қолгандим. Унинг айтишича, бу корхона раҳбари доимо ишчиларнинг ёнида бўлиб, цехларни тинмай айланиб, иш жараёнини бевосита кузатиб борган. Агар бирон станок, агрегат ёки ускуна бузилиб, тўхтаб қолса, дарҳол уни қандай яна юргизиш, созлаш бўйича мастерларга маслаҳат ва кўрсатмалар бериб, улар билан бирга тузатган.
Онамнинг ёдида қолгани, унинг ишчи кийимидаги ён чўнтакларида штангелциркул бўлиб, мойли қўлларни артадиган латта ҳам осилиб тураркан. У юриш-туришида жуда оддий, ҳаммага эътиборли, сезгир одам бўлиб, ҳар куни ҳамма қатори комбинат ошхонасида ишчи-ходимлар билан бирга, ёнма-ён овқатланган. Онамга ёққани – бу раҳбар деярли барча ишчиларни шахсан таниб, кўпинча уларнинг исмини айтиб, самимий кўришиб, юмшоқ муомила қилган, оилавий аҳволларини суриштирган, имкон даражасида ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган. Онамнинг такрорлашича, ишчилар уни ниҳоятда ҳурмат қилишган.
Ёшлигидан жуда чаққон, ҳаракатчан бўлган Шукурахон онам кўпинча ўзаро мусобақаларда ғолиб бўлиб, илғор ишчилардан ҳисобланган. Унга самарали меҳнати учун бир неча маротаба шахсан М.Мусахонов коллектив олдида миннатдорчилик билдириб, турли совғалар топширган. 1946 йили онам бир қатор илғор ишчи-хизматчилар қаторида фидокорона меҳнат шижоати ва зарбдорлиги учун “Енгил саноати мусобақаси аълочиси” фахрий белгиси билан мукофотланган. Уни топшириш маросими Москвада бўлиб, онам М.Мусахонов бошлиқ делегация сафида мамлакат пойтахтига борган. Онамнинг сўзлари бўйича, бир неча кун юрган поездда Мирзамаҳмуд Мусахонов ҳар бир купега кириб, ишчи-инженерлари билан самимий суҳбатлашиб борган. У билан кўришиб, гаплашганда, доимо одамнинг кайфияти кўтариларди дерди онам”.
М.Мусахонов тарбиялаган ва суянган машҳур тўқимачилардан яна бири 40 ёшида юксак “Меҳнат қаҳрамони” унвонига эришган Марҳамат Йўлдошева бўлган. Республикада кенг танилган бу аёл 1936 йили 16 ёшида комбинатга ишга кириб, шу ерда узоқ йиллар фидокорона меҳнати давомида тўқимачилик бўйича юксак малакали мутахассис даражасига эришган ва энг обрўли комбинат фахрийлари орасидан ўрин олган. Айниқса уруш йиллари бу ёш қизнинг ҳар куни бир ярим смена ишлаб, доимо ўрнак кўрсатиб, белгиланган режаларни ортиғи билан бажарганлиги, ёнида кўплаб шогирдлар тайёрлагани ҳақидаги мақолалар матбуот саҳифаларида кенг ёритилган.
Мирзамаҳмуд Мусахонов хотираларидан: “Москва тўқимачилик институтини тамомлаганимдан бери тинимсиз меҳнат фаолиятида бўлдим. Қаерда ишламай – мастер ёки цех бошлиғи, бош инженер ёки комбинат директори бўлишимдан қатъи назар, ишлаб чиқариш жараёни ўзига ром этарди, гўёки, аллақандай ғаройиб, афсонавий оламда яшардим. Мени тўқимачилик ишлаб чиқаришининг қудратли мароми, замонавий станоклар қизиқтириб қўйганди. Уларни созлаш, равон ишлашини таъминлаш, айниқса янги маҳсулот тури учун керакли технологияларни топиб, уларни қўллашни яхши кўрардим. Цех ҳаёти менга жуда ёқиб, ғайратим ичимга сиғмасди, юқори лавозимларга қайта-қайта таклиф қилишса-да, рад этардим”.
“Москвалик” инженер” - комбинат ходимлари кўпинча М.Мусахоновнинг юқори малакасини тан олган ва таъкидлаган ҳолда, бу сўзга алоҳида урғу бериб, шундай деб чақиришган. У ишлаб чиқариш жараёнининг барча ҳал қилувчи босқичларини пухта эгаллаган ҳақиқий инженер, ишчи ва техниклар билан бевосита ёнма-ён туриб, фаолият юрита олувчи ҳақиқий мутахассис, айни пайтда, кенг кўламда ишлаб чиқаришнинг моҳир ташкилотчиси сифатида ўз қобилиятларини намоён эта олган.
Урушдан кейинги йилларда Тошкент тўқимачилик комбинатида хизмат қилган олий маълумотли 200 нафар инженер орасида атиги 5 киши ўзбек бўлган. Шу даврда Тошкент тўқимачилик институтини битирган 233 нафар инженерларнинг 21 нафаригина ўзбеклар бўлган, 1946–1949 йилларда Тўқимачилик комбинатига ишга қабул қилинган 24 олий маълумотли мутахассис орасида биронта ўзбек бўлмаган. Шу сабабли М.Мусахонов хўжалик масалаларига бағишланган катта мажлислардан бирида Тошкент тўқимачилик институти раҳбариятининг эътиборини бу ўта муҳим муаммони изчил ҳал қилишга қаратган.
Тўқимачилик комбинати қурилиши билан деярли бир пайтда ташкил этилган Тўқимачилик институтининг салоҳияти ошишига 1942 йили март ойида душман қуршовида қолган Ленинграддан Тўқимачилик институтининг эвакуация қилиниши ижобий таъсир кўрсатган. Унинг барча йирик олимлари, тажрибали мутахассислари Тошкентдаги Тўқимачилик институти биноларида ўз педагогик ва илмий фаолиятини давом эттиришган. Кўп ўтмай, икки ойдан сўнг, душман Москва остоналарига яқинлаша бошлаганида, у ердаги М.Мусахонов тугатган Тўқимачилик институти ҳам Тошкентга, бу ердаги институт биноларига кўчирилган. Иккита таниқли марказий олий ўқув юртларининг Тошкентдаги Тўқимачилик институти таркибида фаолият олиб боришлари бу олийгоҳдаги ўқиш сифатини ошириш ва янги йўналишлар бўйича инженерлар тайёрлаш имкониятини берган. Кўчирилган институтларнинг деярли 10 минг талабаси имкон даражасида, жуда зич бўлса-да, бор ётоқхоналарга, у ерга қўйилган икки қаватли каравотларга жойлаштирилган.
300 га яқин россиялик профессор ва ўқитувчилар эса тошкентлик ҳамкасбларининг уйларида яшашган. Уларнинг уруш бошланиши биланоқ Ростовга эвакуация қилинган юзга яқин ёш фарзандлари, фронт яқинлашаётганлиги сабабли Тошкентга жўнатилиб, ҳозирги Мевазор туманидаги алоҳида “Болалар уйи”га жойлаштирилган. Бундай ўта қийин вазиятларда юзага келган саноқсиз ташкилий масалаларни ҳал қилишда М.Мусахонов фаол иштирок этган. Айниқса ўзи ўқиган Москва институтидаги кўп таниш педагоглар унинг доимий эътибори ва ёрдамидан баҳраманд бўлишган.
... Бугунги буюк Ғалаба кунида унга эришиш йўлида жонларини ҳам аямай фидокорона жанг қилган, айни пайтда фронт учун барча керакли қурол-аслаҳа, кийим-бош, озиқ-овқат, дори-дармон билан тинимсиз ва етарлича таъминлаш бўйича кеча-ю кундуз меҳнат қилган юртдошларимиз хотираси чексиз миннатдор авлодлар учун мангу қадриятдир.
С.Саидқосимов, профессор