Ўзбекистонлик сайёҳлар кўпроқ қайси мамлакатларни танламоқда?
Ўзбекистон фуқароларининг хорижга сафарлари географияси кенг бўлиб, қўшни давлатлардан тортиб, узоқ хориж мамлакатларигача бўлган турли йўналишларни қамраб олмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 5,9 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга сафар қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 132,7 минг нафарга кўп.
Статистик маълумотлар таҳлили юртдошларимиз сафарларида қўшни давлатлар асосий ўринни эгаллаётганини кўрсатади. Хусусан, энг оммабоп йўналишлар учлигидан Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва Тожикистон жой олган.
Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Қирғиз Республикасига 2 миллион 716 минг 447 нафар Ўзбекистон фуқароси сафар қилган. Бу мамлакат юртдошларимиз энг кўп борган хорижий давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллаган.
Қозоғистонга 1 миллион 65 минг 155 нафар, Тожикистонга эса 983 минг 724 нафар фуқаро борган. Шу тариқа, мазкур уч давлатга амалга оширилган сафарлар сони қарийб 4,8 миллионни ташкил этган. Бу хорижга туристик мақсадларда амалга оширилган жами сафарларнинг қарийб 81 фоизига тенг.
Россия, Туркия ва Саудия Арабистони давлатлари ҳам ўзбекистонликлар кўп ташриф буюрадиган мамлакатлар ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Россияга 280 мингдан зиёд, Туркияга 240 мингга яқин, Саудия Арабистонига эса қарийб 210 минг нафар фуқаро сафар қилган.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Миср ва Вьетнам ҳам юртдошларимиз ташриф буюрган мамлакатлар қаторидан ўрин олган.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА