Ўзбекистонлик мутахассис халқаро тажриба оширмоқда
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё енгил атлетика ассоциацияси ташаббуси билан енгил атлетика мусобақаларида фотомарра хизматида фаолият юритувчи мутахассислар учун малака ошириш курси ташкил этилди.
Мазкур дастурда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси вакили, фотомарра бўйича мутахассис Акмалжон Баратов иштирок этмоқда.

Курс давомида мусобақа натижаларини юқори аниқликда қайд этиш, замонавий техник воситалар ва дастурий таъминот билан ишлаш, шунингдек, халқаро стандартлар асосида ҳакамлик фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Иштирокчилар спорт иншоотларида ташкил этилган амалий дарсларда қатнашиб, фотомарра тизимларидан самарали фойдаланиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни ўрганмоқда.

Мутахассислар малакасини оширишга қаратилган мазкур семинар мамлакатимизда енгил атлетика мусобақаларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, ҳакамлик сифатини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага илғор технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА