Ўзбекистонлик ҳамширалар Германияда иш бошлайди (+видео)
Ўзбекистон ва Германия давлатлари иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда ўтган Ўзбекистон – Германия олий даражадаги музокаралари натижасида “Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида” ҳукуматлараро битим имзоланди.
Мазкур битимга мувофиқ, томонлар миграция ва мобиллик соҳасида шерикликни мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар олиб бормоқда.
Яқинда Германиянинг Мангейм университети клиникаси бош директори Фредди Бергманн бошчилигидаги делегациянинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига қилган амалий сафари ушбу соҳада ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Томонлар ўртасидаги миграция дастурига кўра, 2025 йилнинг январь ойидан бир гуруҳ ўзбекистонлик тиббиёт ҳамширалари Мангейм университети клиникасида меҳнат фаолиятини бошлайди.
Делегациянинг амалий сафари давомида Тошкент ва Самарқандда учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, “Aconnecta” лойиҳаси иштирокчилари билан суҳбатлар ташкил этилди.
Фредди Бергманн – Мангейм университети клиникаси бош директори:
– Мангейм университети клиникаси юқори даражадаги тиббий хизмат кўрсатувчи йирик муассаса бўлиб, 1350 ўринга эга. Унда 25 дан ортиқ тиббий йўналишлар, клиникалар ва бешта илмий институт фаолият юритади. Бундай кенг кўламли муассаса университет даражасидаги сифатли тиббий хизматни таъминлашга қодир.
Бугунги кунда клиникада 1700-1800 нафар ҳамшира ишлайди. Шу билан бирга, келгусида ҳам ҳамшираларга бўлган эҳтиёж катта. Бу меҳнат миграцияси бўйича Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Биз бу дастурни икки-уч йил аввал доктор Алексей Свердлов билан ишлаб чиққан эдик.
Мангейм университети клиникаси эса Ўзбекистон билан ҳамкорлик борасида 6 йиллик тажрибага эга. Илк ҳамкорлигимиз нурли терапия соҳасида бошланган. Ўзбекистон учун тиббий физиклар тайёрлаганмиз ва шу орқали алоқаларимиз йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.
Ҳозирда клиникамиз ҳамшираларни жалб этиш дастурига қўшилди. Биз 2025 йил январь-февраль ойларида илк ҳамшираларни қабул қилишни кутмоқдамиз. Улар иш муҳитига мослашиши ва ўзларини эркин ҳис қилиши учун барча шароитлар яратилади.
Мослашиш жараёни ҳар доим кичик гуруҳларда ташкил этилади. Чунки маҳаллий ҳамкасблар жамоасига ва жамиятга интеграция секин ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши лозим. Бу икки томон ҳам ўзаро ҳамкорликдан бир неча йил давомида қониқиш ҳис қилиши учун муҳимдир. Шу сабабли, биз ҳар бир ҳамширага индивидуал ёрдам кўрсатамиз ва уларнинг энг яхши тайёргарликка эга бўлишларини таъминлаймиз.
Келган ҳамшираларнинг малакасини баҳолаш орқали уларнинг фаолият учун зарур кўникмалари аниқланади. Одатда, олтидан тўққиз ойгача бўлган тайёргарликдан сўнг, улар тўлиқ ҳуқуқли ҳамшира сифатида иш бошлашга тайёр бўлади. Немис қонунчилигига мувофиқ, барча ходимлар тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади ҳамда бир хил иш ҳақи олади.
Январь ойида ўзбекистонлик ўн нафар ҳамшира Мангейм университети клиникасида иш бошлайди. Кейинги гуруҳ март ёки апрель ойларида келиши мумкин. Биз ўзимиз 50-60 нафар ҳамширани қабул қилишга тайёрмиз. Агар саккизта ҳамкор клиника ҳам шу миқдордаги ходимни қабул қилса, Мангейм ва унинг атрофидаги тиббий муассасаларда жами 400 нафар ҳамширани иш билан таъминлаш мумкин бўлади.
Бу дастур Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичига айланиб, ҳар икки давлат учун манфаатли эканлигини кўрсатмоқда.
Алексей Свердлов – Германиянинг “Aconnecta GmbH” компанияси директори:
– Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги миграция келишуви доирасида бир неча юз минг ўзбек фуқароси Германияда расмий ва юқори маошли иш ўринларида фаолият юритиши режалаштирилган. Бу жараёнда тиббиёт ҳамшираси соҳаси асосий йўналишлардан биридир.
Германияда яхши таълим олган ва немис тилини мукаммал даражада билган ҳамшираларга талаб жуда катта. Меҳнат келишуви бу эҳтиёжни қондириш учун янги имкониятлар яратиб, биринчи ўзбек мигрантларининг Германияга йўл олишига замин ҳозирлайди.
Келишув фақатгина бир касб билан чегараланмайди. У турли соҳаларда ишлаш истагида бўлган барча касб эгалари учун эшикларни очади. Шунга қарамай, Германияда ҳамшираларга бўлган талаб юқори бўлиб, бу соҳа касбий танқислик мавжуд бўлган йўналишлар қаторига киради.
Сўнгги уч йил ичида ҳамширалар мавзуси Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Ўтган вақт мобайнида ўзбек фуқаролари учун немис тилини ўрганиш ва касбга оид махсус кўникмаларни шакллантиришга қаратилган дастур йўлга қўйилди. Бу дастур уларнинг Германияда ишлашга тайёргарлигини ошириб, тиббиёт ҳамшираси соҳасида узоқ муддатли фаолият юритишларини таъминлайди.
Германия қонунчилиги меҳнат мигрантларига миллий ишчилар билан тенг ҳуқуқ ва шароитларни кафолатлайди. Уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, шунингдек, бир хил иш ҳақи тўланади.
Миграция келишуви доирасида Германияга ишга бориб, фаолият юритадиган ўзбек фуқароларининг сони бир неча юз мингга етиши кутилади. Бироқ дастлабки босқичда ҳужжатларни таржима қилиш ва дипломларни тасдиқлаш каби маъмурий тўсиқларни бартараф этиш зарур.
Шунга қарамай, биз қатор ижобий натижаларга эришдик. Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиши учун икки давлат ҳукуматларидан катта қўллаб-қувватлов олдик.
2025 йилгача мақсадимиз ушбу дастурни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига кенгайтириш ҳамда ўзбек фуқароларига тиббиёт ҳамшираси соҳасида расмий ва тартибли меҳнат миграцияси имкониятларини яратишдан иборат.
Шу билан бирга, Германияда иш берувчилар ва клиникалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга интиляпмиз. Тажриба алмашиш орқали миграция дастурини янада самарали ва кенг қамровли қилишни мақсад қилганмиз. Ушбу ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли бўлишига ишонамиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SNBm_x2GetM?si=lnu0l8PoMfUK-Tat" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов,
Анвар Аҳмедов (видео-монтаж), ЎзА