Ўзбекистонлик фаол ёшлар “World Food Forum - 2026” халқаро форумида иштирок этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) ҳамкорлигида “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги учун ёш талантлар” миллий танлови ўтказилган эди.
Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, соҳага истиқболли ёш кадрларни жалб этиш ҳамда уларнинг салоҳиятини халқаро тажриба асосида юксалтириш мақсадида ташкил этилган танловда беш нафар энг иқтидорли ёшлар ғолиб бўлди.
Ғолиблар Италияда ўтказилаётган “World Food Forum - 2026” халқаро форумида иштирок этмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми (WFF) Глобал ёшлар ҳаракати ташаббуси – бутун дунё ёшларини бирлаштириб, барқарор, инклюзив ва ташқи таъсирларга чидамли озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга қаратилган глобал платформадир.

62 мамлакатни қамраб олган ва ўн минглаб ёшларни бирлаштираётган ушбу платформа ёшларнинг етакчилигидаги лойиҳалар ва амалий ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, у ёш авлод вакилларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш, инновацион ечимларни илгари суриш ҳамда барқарор келажакни шакллантиришда фаол иштирок этиш имконини беради.
Форум доирасида танлов ғолиблари “Global Youth Action” йўналишидаги “Ёшлар барқарор чорвадорлик келажаги йўлида: миллий мулоқотдан минтақавий ҳамкорликка” мавзусидаги минтақалараро сессияда қатнашди. Унда ёш чорвадорлар билан ўтказилган миллий маслаҳатлашувлар натижалари муҳокама қилинди. Ёшларнинг эҳтиёж ва таклифларини халқаро даражада илгари сурилди ҳамда минтақавий ҳамкорлик бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқилди.
Маълумот учун, танлов ғолиблари 2027 йил давомида FAO ва Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD) билан келишилган режа-график асосида босқичма-босқич халқаро стажировка дастурларига жалб этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА