Ўзбекистонлик боксчи беларуслик рақибини мағлуб этди
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги "Sea Breeze Resort" мажмуасида ташкил этилган "IBA Champions Night" мусобақасида Ўзбекистон номи жаранглади.
Мазкур нуфузли турнирда бир неча бор Ўзбекистон чемпионлигига эришган, қитъа ва жаҳон чемпионатларида, халқаро турнирларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя этиб ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Саиджамшид Жафаров беларуслик Николай Весёлов билан тўқнаш келди.
Ўрта вазн тоифасида шиддатли тарзда кечган жанг тўлиқ давом этиб, унда ҳакамларнинг қарори билан Бухоро бокс мактаби тарбияланувчиси С.Жафаровнинг ғолиб чиққани эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, Саиджамшид Жафаров айни пайтда бокс бўйича Озарбайжон терма жамоаси аъзоси сифатида халқаро мусобақаларда иштирок этиб келмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА