Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми аввалги икки йилдагидан камроқ бўлди
Марказий банк томонидан эълон қилинган тўлов баланси бўйича маълумотларда қайд этилишича, ўтган йил якунига кўра, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми аввалги икки йилдагидан камроқ бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2021 йилда мамлакатга тўғридан-тўғри инвестицияларнинг соф оқими 2,3 млрд. долларни ташкил этган ва 2022 йилда кўрсаткич 2,6 млрд. долларгача ўсган бўлса, 2023 йил охирида у 425 млн. долларга – 2,2 млрд. долларгача (-16 фоиз) камайган.
Сўнгги 5 йил ичида фақат 2020 йилда дунё коронавирус пандемияси билан тўқнаш келган вақтда тўғридан-тўғри инвестициялар оқимининг пасайиши кузатилганди. Ўшанда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръати 2 фоизгача секинлашган.
Ўтган йилда портфель инвестициялар ҳажми қарийб 1 млрд. долларни ташкил этган. Бу октябрь ойида чиқарилган 4,25 трлн. сўм миқдоридаги «яшил» суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн. доллар миқдоридаги халқаро облигациялар билан изоҳланади. Молиявий операциялар ҳисоби 6,6 млрд. долларга етди. Шундан 70 фоизи йилнинг тўртинчи чорагига тўғри келди.
Мамлакатлар ўртасидаги активлар ва мажбуриятлар билан боғлиқ операциялар тўлов балансининг молиявий операциялар ҳисобида юритилади. Молиявий ҳисоб тўғридан-тўғри инвестициялар, портфель инвестициялар, молиявий деривативлар (своп, опцион ва ҳоказо), бошқа инвестициялар (валюта ва депозитлар, савдо кредитлари ҳамда аванслари ва бошқалар) ва резерв активларидан иборат.
Жорий операциялар ҳамда капитал билан боғлиқ операциялар ҳисобларидаги дефицитлар молиявий операциялар ҳисоби эвазига молиялаштирилади. Масалан, жорий операциялар ҳисоби дефицитининг асосий манбаларидан бири бўлган савдо баланси дефицити (импорт ҳажмининг экспорт ҳажмидан ортиқлиги) асосан молиявий операциялар ҳисобидаги инвестициялар ва қарзлар эвазига қопланади.
Товар ва хизматлар дефицити 17,6 млрд. долларни (2022 йилга нисбатан + 3,9 млрд. доллар), бирламчи даромадларнинг соф оқими минус 761 млн. долларни (2022 йилда 902 млн. доллар бўлган), иккиламчи даромадларнинг соф оқими 10,5 млрд. долларни (12,1 млрд. доллар) ташкил этди.
Тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобида товарлар ва хизматлар экспорти ва импорти, бир мамлакатнинг хорижда ишловчи ҳамда ўша давлатда ишловчи чет эллик ишчиларнинг даромадлари ва харажатлари, бир мамлакатнинг ташқи активлари ва мажбуриятлари бўйича қўлга киритган ёки тўлаб бериши лозим бўлган даромадлари, шунингдек, халқаро пул ўтказмалари, грантлар ва инсонпарварлик ёрдамлари ва бошқа операциялар акс этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА