Ўзбекистондаги хотин-қизлар ва болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслар юксак баҳоланди
Осиё хотин-қизлари II форуми доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТ Бош котиби ўринбосари, Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори Диена Кейта билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ЮНФПА билан гендер тенглик, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги ҳамкорлиги хусусида фикр алмашилди.
Диена Кейта Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хотин-қизлар, оналар ва болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббусларини юксак баҳолади. Ушбу устувор йўналишлар ЮНФПА фаолиятининг асосий тамойиллари билан ҳамоҳанг эканини ҳамда ташкилот ўз иш фаолиятида айнан шу ёндашувларга таяниб келаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш ҳамда тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ЮНФПА билан ҳамкорликда тиббиёт мутахассисларининг малакасини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди. Ижтимоий ва тиббий хизматларни рақамлаштириш, оила ва ёшлар масалалари, репродуктив саломатликни ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшлар тиббий ва маслаҳат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун рақамли платформалар ва мобил ечимларни жорий этиш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган дастурлар муваффақиятли амалга оширилгани таъкидланди.
Учрашув якунида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги қўшма ташаббусларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
Н.Абдураимова, ЎзА