“Euronews” телеканали сайтида мамлакатимиз маданий ҳаётига оид туркум мақолалар эълон қилинди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази хабар берган. Хусусан, “Ўзбекистондаги жадал ислоҳотлар жаҳон эътиборини жалб этмоқда” (Uzbekistan’s Bold Reforms Spark Global Interest) сарлавҳали мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятни тубдан ўзгартириб юборгани, мамлакатнинг халқаро майдонга чиқиши жаҳон ҳамжамиятида юртимизга нисбатан қизиқиш тобора ортаётгани ёритилган. Муаллиф ўз таҳлилини шундай бошлайди:
– Шавкат Мирзиёев 2016 йил президентликка сайлангач, республикада демократлаштириш, иқтисодий ривожланиш ва глобал ҳамкорликка йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларнинг бошланди. Бу жараённи ўтган йил умумхалқ референдум орқали янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши билан янада мустаҳкамланди. Ўзгаришларда барча фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олиниб, мамлакатнинг янги тараққиёт босқичига ўтиши жадаллашди.
Мазкур мақола бир ой олдин Барқарор ривожланиш маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида Тошкентда ташкил этилган Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги таассуротлари асосида ёзилган. “Euronews” материалида ҳафталик ҳақида ҳам илиқ сўзларни ўқиш мумкин:
– Ўзбекистоннинг жаҳонга очиқлиги рамзи сифатида намоён бўлган анжуманда сиёсий, ижтимоий, маданий, дипломатик ва иқтисодий соҳаларда фаолият юритаётган халқаро экспертлар, жумладан Буюк Британия Лордлар палатаси аъзолари ва таниқли дипломатлар ҳам иштирок этди.
“Ўзбекистонда Ипак йўли бўйлаб поездда саёҳат қилинг: Самарқанд тарихидан Бухоро меросигача” номли махсус 5 дақиқалик видео лавҳа ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотяпти. Томошабинни икки қадимий ўзбек шаҳри бой тарихи билан таништирадиган ушбу видео маҳсулотда қадимий археологик ёдгорликлар жойлашган масканлар, хусусан Боғизоғондаги қадимий шароб тайёрлаш анъанаси очиб берилган.
“Euronews” томонидан машҳур ўзбек пазандалиги санъатига бағишлаб тайёрланган “Дегустация анъаналари: Ўзбекистонда гастрономик туризм” номли мақола орқали эса бутун дунё сайёҳлари мамлакатимиз ошпазлик анъаналаридан хабардор бўлиш имконига эга бўлган.