Ўзбекистондаги ислоҳотлар юқори баҳоланмоқда
Пойтахтимизда ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси иштирокчилари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ўзгаришларни кенг эътироф этишмоқда.
Хусусан, Мексика парламенти вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан учрашувда самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни юқори баҳолади. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қатъий қадам қўйгани, мамлакатда барча соҳалаларда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.
Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва натижа бераётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик янгиланишларнинг халқаро миқёсдаги улкан эътирофи эканлигини қайд этдилар.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари, шу жумладан Ўзбекистон —Мексика парламентлари алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
М.Комилова, ЎзА