Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва натижалар юқори баҳоланди
Аввал хабар берганимиздек, бугун пойтахтимизда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Парламент, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Қирғизистон парламентлари аъзолари, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирокида ўтган анжуманда иштирокчилар Ўзбекистон эришаётган натижаларни юксак баҳолаб, мазкур конференциянинг аҳамиятини эътироф этди.

Сабине Махл, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий координатори:
— Барқарор тараққиёт, энг аввало, амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларнинг кундалик ҳаётида, уларга кўрсатилаётган давлат ва ижтимоий хизматлар сифатида, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасида аниқ натижалар билан намоён бўлгандагина мустаҳкам ва самарали бўлади. Шу маънода сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини ислоҳотларнинг марказига қўйишга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларни алоҳида эътироф этиш лозим.
Мамлакатда иқтисодий янгиланишларни ижтимоий тараққиёт, самарали давлат институтлари ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан уйғун олиб боришга интилиш яққол кўзга ташланмоқда. Аслида Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий мантиғи ҳам шундан иборат. Улар иқтисодий трансформация, ижтимоий тараққиёт ва экологик барқарорликни, шунингдек, самарали институтлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ўзаро боғлиқ ҳолда таъминлашни назарда тутади.
Ўзбекистон бу йўналишларнинг барчасида салмоқли натижаларга эришди. Ўтган йилги Барқарор ривожланиш ҳисоботида Ўзбекистон 167 та мамлакат орасида 62-ўринни эгаллади. Мамлакат ушбу рейтингда 19 поғона юқорилади. Барқарор ривожланиш мақсадларининг қарийб 45 фоизи бажарилган ёки белгиланган муддатда амалга ошириш йўлида бормоқда.
Энг муҳими, бу натижалар бугун одамларнинг кундалик ҳаётида тобора яққолроқ намоён бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган, инсон қадри ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан ўтган йили қарийб 5,8 фоизгача қисқарди. Шунингдек, давлат хизматларини такомиллаштириш ва аҳоли учун янада қулай қилиш борасидаги ислоҳотлар қарийб 30 миллион кишини қамраб олди. Бу Ўзбекистон фуқаролари учун йилига тахминан 2 миллион миқдорида маблағ тежалишига имкон берди.

Азер Амирасланов, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Иқтисодий сиёсат, саноат ва тадбиркорлик қўмитаси раиси:
— Озарбайжон учун Ўзбекистон нафақат дўст давлат ва стратегик ҳамкор, балки умумий тарих, маданий яқинлик, муштарак мерос ва қадриятлар, ўзаро ҳурмат ришталари билан боғланган қардош мамлакатдир. Нисбатан қисқа давр мобайнида мамлакатларимиз анъанавий дўстликдан стратегик шерикликка, ундан эса иттифоқчилик муносабатларигача бўлган муҳим йўлни босиб ўтди.
Бу жараёнда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Икки давлат раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бугунги анжуман доирасидаги муҳокамалар парламентаризм, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим майдон бўлди.

Леван Мачавариани, Грузия Парламенти депутати, “Грузия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари:
— Грузия Ўзбекистондаги ислоҳотларни алоҳида эътироф этади. Биз учун ҳамкор мамлакатлар билан алоқалар илғор тажрибаларни ўрганиш, замонавий ёндашувларни ривожлантириш ва таълим соҳасида янги имкониятларни биргаликда яратиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, икки давлат таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ҳамкорлик меморандумини имзолаган. Бу эса ҳар икки мамлакатда касб-ҳунар таълими тизимларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Умид Яқубхўжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Ушбу анжуман мамлакатимизнинг 35 йиллик парламент фаолиятини сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларга баҳо бериш ва энг асосийси, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган марраларга эришишда муҳим йўналишларни белгилаб олишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, стратегик ва иттифоқчи даражасидаги ҳамкорларимиз билан, парламентлар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари билан иқтисодий, ижтимоий ва барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан эришишимиз керак бўлган натижалар юзасидан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ҳамда муҳим ечимларни ишлаб чиқишда муҳим майдон бўлди.
Таъкидлаш лозимки, охирги саккиз-тўққиз йил ичида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди ва бунинг натижаси халқимиз ҳаётида, иқтисодиётимиз ривожланишида, мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш ва унинг нуфузини оширишда ўз аксини топмоқда. Масалан, ялпи ички маҳсулотимиз кўрсаткичи 100 миллиард доллардан ошгани жуда катта натижа. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 160 миллиард долларга етказишимиз мумкин. Бунда, албатта, Марказий Осиё ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва Марказий Осиёдаги ҳамкорликни кучайтириш борасида олдимизда янада муҳим вазифалар турибди. Умуман, парламент дипломатияси доирасида халқаро ва икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда мазкур анжуманнинг аҳамияти алоҳида ўринга эга.
Муҳтарама Комилова, ЎзА