Ўзбекистонда ёқилғисиз ишлайдиган инновацион иссиқхоналар барпо этилди
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида қишлоқ хўжалигида энергия тежамкор технологияларни жорий этишга қаратилган яна бир йирик лойиҳа амалга оширилди. “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ҳамда “Узагростар холдинг” муассислигидаги “Янгийўл – Агро Стар” ихтисослашган компанияси томонидан туманнинг Бунёдкор маҳалласида 13 гектар майдонда замонавий сабзавотчилик тажриба мажмуаси ташкил этилди.
Мазкур лойиҳа мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини инновацион технологиялар асосида ривожлантириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Лойиҳа доирасида помидор, кўкатлар ва булғор қалампирини етиштиришда жаҳоннинг илғор тажрибалари жорий этилди. Майдоннинг 4 гектар қисмида Хитой технологияси асосида автоматлаштирилган ва энергия тежамкор инновацион иссиқхоналар комплекси қурилди.
Комплекс таркибига ҳар бири 4–10 сотихдан иборат бўлган 25 та иссиқхона ҳамда 50 сотих майдонда маҳсулот етиштиришнинг 10 хил янги усули киритилган. Бу ерда экинларни парваришлаш, суғориш ва иқлим назорати тўлиқ автоматлаштирилган.

Лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири анъанавий ёқилғи манбаларидан воз кечилганидир. Иссиқхоналарда иситиш ва совитиш учун геотермал иссиқлик насослари технологиясидан фойдаланилмоқда.
Ушбу тизимда ер қаъридан олинадиган +14 даражали сув ҳамда махсус иссиқлик сақловчи қопламалар ёрдамида қиш мавсумида иссиқхоналар иситилади, ёз ойларида эса совутилади. Шу билан бирга, тизимнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қуёш панеллари орқали қопланади. Мутахассислар фикрича, мазкур технология нафақат энергия сарфини кескин камайтиради, балки маҳсулот таннархини пасайтиришга ҳам хизмат қилади.
Бу технология Хитойнинг Шандунь провинциясида кенг қўлланилиб, бир миллион гектардан зиёд майдонда самарали фойдаланиб келинмоқда. Усулнинг асосий афзаллиги шундаки, у йил давомида 4 мартагача экин экиш имконини беради. Натижада анъанавий усулларга нисбатан 5–6 баробар кўпроқ ҳосил олиш мумкин бўлади.

Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳолини арзон ҳамда сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳанинг 9 гектар очиқ майдонида Италиянинг машҳур Ferrari компанияси техникаси ёрдамида Германия, Сербия, Исроил, Хитой ва Италиядан келтирилган помидорнинг 14 хил янги навлари экилди.
Улар орасида Rio Grand, Max Rio, Galileo, Lenok, Montana ва Rocer каби юқори ҳосилдор ва бозорбоп навлар мавжуд. Мутахассислар ушбу навларни маҳаллий иқлим шароитида синовдан ўтказиб, энг самарали турларини оммалаштиришни режалаштирмоқда.

Лойиҳа билан танишиш мақсадида республика вазирлик ва идоралари, ҳудудий ҳокимликлар ҳамда “Агростар” компаниялари раҳбарлари иштирокида амалий семинар ташкил этилди. Унда Янгийўл тажрибаси атрофлича муҳокама қилиниб, уни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ҳудудда маҳсулотларни саралаш, сақлаш ва қадоқлаш қувватларини ўз ичига олган йирик агромажмуа ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, экиш, парваришлаш ва ҳосил йиғиб олиш жараёнлари учун махсус қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминланган инфратузилма яратилади.

Лойиҳани кенгайтириш доирасида Тошкент вилоятида камида 5 минг гектар майдонда энергия тежамкор иссиқхоналар ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур ташаббус қишлоқ хўжалигида ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва мамлакат агросаноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА