Ўзбекистонда валюта операциялари қоидалари янгиланди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур янгиланишлар 2025 йил 18 декабрда қабул қилинган ПФ-254-сонли Президент фармони ижросини таъминлаш, шунингдек капитал бозорида инвестиция муҳитини янада яхшилашга қаратилган.
Янгиланган қоидаларга кўра, бир қатор атамалар соддалаштирилди: “тижорат банклари” тушунчаси ўрнига умумий “банклар” атамаси қўлланиладиган бўлди. Шу билан бирга, банклар томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш, жумладан своп ва дериватив операциялар бўйича маълумотларни Марказий банкнинг “Валюта операциялари ҳисобини юритиш” (FERUz) ахборот тизимига киритиб бориш мажбурияти белгиланди.
Ҳужжатда банк амалиётига оид яна бир муҳим талаб ҳам назарда тутилган: шикастланган ёки яроқсиз ҳолатга келган хорижий валюта банкноталарини қайта муомалага чиқариш қатъиян тақиқланди.
Капитал бозори иштирокчилари учун ҳам қулайликлар яратилди. Хўжалик юритувчи субъектларга номинали чет эл валютасида белгиланган қимматли қоғозлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур валютани сотиб олиш имконияти берилди. Бу жараён қимматли қоғозларни чиқариш ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, чет эллик инвесторлар учун дивидендлар, фоизлар ва қимматли қоғозларни сотишдан олинган маблағларни эркин репатриация қилиш имкониятлари кенгайтирилди. Улар тегишли мурожаат асосида ушбу маблағларни хорижий валютада эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Янгиликларнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири, нақд хорижий валютани бериш тартибидаги ўзгаришлардир. Энди жисмоний шахслар ўз ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида нақд валютани ҳеч қандай чекловларсиз ечиб олишлари мумкин.
Юридик шахсларга ҳам қатор енгилликлар берилди. Жумладан, улар устав фондига аввал киритилган валюта маблағларини қайтариш учун нақд валюта олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, корхона ва ташкилотлар ҳамда норезидент ваколатхоналар ўз ходимларини хорижга хизмат сафарига юборишда зарур нақд валютани банк кассалари орқали олишлари мумкин.
Яна бир янгиликка кўра, чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш билан боғлиқ тўловлар ҳам банк кассалари орқали нақд шаклда амалга оширилиши белгиланди.
Мазкур ўзгаришлар валюта бозорида шаффофликни ошириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА