Ўзбекистонда иш бошлаётган илк промоушен компаниясининг очилиш маросимига жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва миллий спортимизнинг фахрийлари ҳам таклиф этилди.
7SABER спорт кийимлари ва эпикировкалари янги брендининг тақдимот маросими доирасида ММА-промоушени ташкил этилгани ва U-1 Championship ҳамда 7 Fighting Series жамоа турнири ўтказилишини эълон қилди.
Ушбу тадбирда муносабат билдирган “Berkeley Square Project Management” корпорацияси раҳбари Росс Коннон шундай деди: “Ўзбекистонда иш бошлаш – компаниямиз тарихидаги янги муҳим саҳифа бўлади ва мен бу жуда ҳаяжонли ва қизиқарли бўлишига аминман. Биз ушбу мамлакат жаҳонга юз тутаётгани ва ривожланаётганини кўриб турибмиз, бу юксалиш спорт соҳасида ҳам кўзга ташланмоқда”.
U-1 Championship олий ва биринчи лигадан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади ўнлаб турнирлар ташкил қилиш орқали энг яхши маҳаллий жангчиларни аниқлаш ва улар учун жаҳоннинг етакчи промоушенларига йўл очиб бериш ҳисобланади.
“7 Fighting Series” турнири эса ММА бўйича энг кучли клубларни саралаб беради. 7 Fighting Series таркибига яқин вақтда 20 та жамоа кириши кутилмоқда.
“Бу “7SABER” компаниясининг дастлабки оммавий ташаббусларидир. Биз яккакурашлар билан чекланиб қолмаймиз, ёшлар орасида бу спорт турини оммавийлаштиришни бошладик. Шу қаторда брендимиз кўплаб бошқа спорт турларини ҳам қамраб олиши назарда тутилмоқда", деди Росс Коннон.