Ўзбекистонда соғлом овқатланишни таъминлаш бўйича янги ёндашувлар муҳокама қилинди
Аҳоли соғлом овқатланиши нафақат ҳар бир инсоннинг шахсий танлови, балки мамлакатдаги агро озиқ-овқат тизими, давлат сиёсати ва турли идораларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатига ҳам бевосита боғлиқ.
Бугун Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ташкил этилган миллий семинарда айнан шу долзарб масала кун тартибига чиқди.
Тадбирда давлат муассасалари, БМТ агентликлари ҳамда халқаро тараққиёт ҳамкорлари вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда амалга оширилаётган “Агро озиқ-овқат тизими нуқтаи назаридан нотўғри овқатланиш муаммосини ҳал этиш бўйича кўп тармоқли сиёсий тавсиялар” (FVC/RER/072/MUL) минтақавий лойиҳаси якуний босқич натижасини сарҳисоб қилдилар.
Нотўғри овқатланиш билан боғлиқ турли ҳолатларнинг олдини олиш ва жамоат саломатлигини мустаҳкамлаш учун аҳоли тўйимли, хавфсиз ва хилма-хил маҳсулотдан фойдаланиши имкониятини кенгайтириш зарур. Анжуманда таъкидланганидек, бу жараён биргина соғлиқни сақлаш ёки қишлоқ хўжалиги соҳаси вазифаси эмас. Қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим ва ижтимоий ривожланиш тузилмалари ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилгандагина, кутилган самарага эришиш мумкин.
[gallery-32585]
Айни пайт ФАО Ўзбекистонда овқатланиш масаласини миллий сиёсатга интеграция қилишга кўмаклашмоқда. Хусусан, озиқ-овқат тизимига асосланган соғлом овқатланиш бўйича тавсиялар (Food Systems-Based Dietary Guidelines) ишлаб чиқиш қўллаб-қувватланмоқда. Бундай ёндашув илмий далилларни аҳолининг кундалик истеъмол одатига таъсир этувчи кенгроқ ишлаб чиқариш ва таъминот занжири билан боғлашга хизмат қилади.
Мулоқот давомида ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси озиқ-овқат хавфсизлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси, лойиҳанинг етакчи техник мутахассиси Мэри Кенни, ташкилотнинг мамлакатимиздаги вакили ёрдамчиси Шерзод Умаров ҳамда озиқ-овқат тизими ва овқатланиш бўйича халқаро эксперт Кристина Лоприоре лойиҳа доирасида эришилган асосий натижалар ва келгусидаги устувор йўналишлар юзасидан ўз тақдимотлари билан иштирок этди.
Тадбирда минтақавий лойиҳа якунланиши арафасида шаклланган билим, ишлаб чиқилган илмий-амалий тавсия ва йўлга қўйилган институционал ҳамкорликдан самарали фойдаланиш зарурлигига урғу берилди.
Семинар якунида ташаббус доирасида эришилган натижаларни миллий устувор йўналишларга янада чуқур сингдириш, лойиҳа якунлангандан кейин ҳам ишнинг давомийлигини таъминлаш масалалари келишиб олинди. Миллий манфаатдор томонлар ўртасидаги изчил мулоқот келгусида аҳолининг озуқавий эҳтиёжига тўлиқ жавоб берадиган барқарор агро озиқ-овқат тизимини шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Фардона Яхшибоева,
Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА