Ўзбекистонда қуёш панелларини синовдан ўтказиш лабораторияси ташкил этилади
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Тошкент вилоятининг Пскент туманида қуёш панелларини синовдан ўтказиш лабораторияси ташкил этилади.
Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Лазизбек Саидорипов ҳамда Корея мувофиқликни баҳолаш лабораторияси (KCL) президенти Чеон Ёнг Гил ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланаётгани қайд этилди. Хусусан, 2017–2025 йилларда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард доллардан 1,7 миллиард долларга ошган. 2025 йил якунларига кўра, Корея Республикаси Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида 5-ўринни эгаллаган.

Томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 4 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Шу нуқтаи назардан, техник жиҳатдан тартибга солиш ва маҳсулотлар сифатини баҳолаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Мулоқот давомида Кореянинг Корея стандартлар ва технологиялар агентлиги (KATS), Корея мувофиқликни баҳолаш лабораторияси (KCL), Корея синов лабораторияси (KTL), Корея синов ва сертификатлаштириш институти (KTC), Корея синов ва илмий тадқиқот институти (KOTITI), шунингдек, Корея миллий метрология институти (KRISS) каби ихтисослашган ташкилотлари билан Ўзбекистонда йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳокама қилинди.


Шунингдек, Пскент туманида қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қуёш панелларини синовдан ўтказиш лабораториясини ташкил этишга қаратилган грант лойиҳасини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжат имзоланди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда қуёш панелларининг сифатини синовдан ўтказиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА