Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 72 миллиондан ошди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда банк-молия тизимини рақамлаштириш, аҳоли учун замонавий молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда мамлакатда электрон тўловлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатига республикада муомаладаги банк карталари сони 72 миллион 710 минг 67 тага етган. Бу кўрсаткич аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақамли молиявий хизматларга бўлган талаб ортиб бораётганини яққол намоён этмоқда.
Шу билан бирга, банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мамлакат бўйлаб банкомат ҳамда инфокиосклар тармоғи ҳам кенгайтирилмоқда. Ҳозирда уларнинг умумий сони 45 минг 543 тани ташкил этган. Айниқса, ҳудудларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилмалари сони ортиши фуқароларнинг молиявий хизматлардан тез ва қулай фойдаланишига хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, республика бўйлаб ўрнатилган тўлов терминаллари сони 443 минг 958 тага етган. Ушбу терминаллар орқали жорий йилнинг январь–апрель ойларида амалга оширилган тушумлар ҳажми 177,5 триллион сўмдан ошгани ички бозорда нақд пулсиз тўловлар ҳажми изчил ўсиб бораётганини кўрсатади.
Қайд этилишича, рақамли банк хизматларининг оммалашуви, мобил иловалар орқали тўлов ва пул ўтказмаларининг кўпайиши, QR-код тўловлари ҳамда онлайн савдо ҳажмининг ўсиши мамлакатда замонавий молиявий экотизимни шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Бу эса ўз навбатида, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш, молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва аҳолига янада қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА