Ҳар қандай давлатнинг келажагини кўз олдингизга келтириш учун унинг бугунги таълим тизимига қарашнинг ўзи кифоя. Чунки таълим – бу нафақат билим бериш, балки янги авлодни шакллантириш жараёнидир. Зиёлиси юксак, педагоги обрўли, боласи илмли ва миллий қадриятларга садоқатли жамият ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўта олади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Яқинда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши – ушбу ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, муаммоларни аниқлаш ва энг муҳими, аниқ ечимлар топишдаги муҳим воқелик сифатида тарихга кирди.
Бу йиғилишда таълимнинг барча поғоналари – боғчадан бошлаб, мактаб, техникум, педагог кадрлар, дарслик сифати, рақамлаштириш, ёшлар тарбияси барча-барчаси таҳлил қилинди. Йиғилиш, аслида, Президентнинг таълим соҳасини умуммиллий устувор йўналиш сифатида белгиланганини яна бир бор исботлади. Ушбу йиғилиш таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни замонавий, рақобатбардош ва миллий манфаатларга мослаштириш сари яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур йиғилишда таълим тизимида бир қанча устувор йўналишлар белгилаб берилди. Жумладан, бу йил мактабгача таълимда ўринлар сонини 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилган. Уларнинг 82 мингтаси янги боғчалар ҳиссасига тўғри келса, қолган 100 минг ўрин эски боғчаларни таъмирлаш орқали ҳамда хусусий сектор иштирокида ташкил этилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Қашқадарёнинг барча туманларида хусусий сектор ва чет эллик ҳамкорлар билан икки йил ичида боғча ҳамда мактаб ўрни 3 баробар ошган. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиш топширилди.

Умуман, ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шарти белгиланиб, вилоят ва туман ҳокимлари олдига бўш ерларни топиб, аукционга чиқариш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда қайси мактаб ва боғчада бўш жой бўлса, боғча қуриш режасини белгилаш вазифаси қўйилди.
Мактабгача таълим муассасалари учун янги, замонавий бинолар ва қулай шароитларни яратиш албатта муҳим ва зарур қадамдир. Бино, инфратузилма ва моддий-техник базанинг янгиланиши тарбия жараёнини анча осонлаштиради, болаларнинг хавфсизлиги ва дам олиши учун шароит яратади. Журналистик таҳлил нуқтаи назаридан, бу фақат ислоҳотнинг бир қисми, асосий муваффақият эса боғча ходимларининг салоҳиятига боғлиқ эканини унутмаслик керак.
Педагогик салоҳият бу нафақат билим ва малака, балки меҳр-муҳаббат, масъулият ва доимий ўқишга интилишдир. Янги бино ва шароитлардан фойдаланиш учун ходимларнинг замонавий педагогик усуллардан хабардорлиги, болалар билан мулоқот маданияти, психологик ёндашувлари ҳамда уларни ривожлантириш қобилияти муҳимдир.
Янги ўқув йилидан ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун 5 кун ишлаб, 1 кун ўқийдиган бакалавр таълим шакли жорий қилинади.
Келгуси йилдан жорий этиладиган ушбу таълим шакли орқали тарбиячиларнинг билим даражаси ва педагогик маҳорати ошади, уларнинг илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланиши таъминланади. Демак, янги бинолар билан бирга ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш мактабгача таълим сифати учун асосий омил бўлади. Албатта, янги бино, шароит билан бирга боғча ходимларининг салоҳияти ҳам шунга яраша юқори бўлиши керак. Статистик маълумотларга кўра, ёз мавсумида 118 минг нафар тарбиячининг малакаси оширилган бўлиб, давлат боғчаларидаги тарбиячиларнинг 38 фоизи, хусусийларда 24 фоизи олий маълумотли кадрлар эканлиги қайд этилган. 5 кун ишлаб, 1 кун ўқийдиган бакалавр таълим шаклини йўлга қўйиш орқали эса боғчаларга ҳар йили қарийб 10 минг нафар олий маълумотли мутахассис кириб келиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, келаси йили ҳар бир вилоятда боғча тарбиячиларининг педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади. Таъкидлаш жоизки, мазкур “Янги авлод” боғчалари нафақат болалар учун инновацион таълим макони, балки тарбиячиларнинг педагогик маҳоратини оширишда муҳим роль ўйнайдиган марказлар бўлади. Бу боғчалар ва педагогик маҳорат марказлари ўртасидаги узвий интеграция эса соҳадаги сифатни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Мазкур боғчалар тарбиячилар учун замонавий ўқув-услубий ресурслар, методик ёрдам ва малака ошириш имкониятларини тақдим этади. Бу боғчаларда амалга ошириладиган амалий машғулотлар, семинарлар ва тренинглар педагогларнинг билим ва кўникмаларини доимий равишда янгилашга қаратилган.
Келгусида “Янги авлод” боғчаларининг педагогик маҳорат марказлари билан яқин ҳамкорлиги эса бу жараённи янада самарали қилади: улар методик янгиликларни жойларда амалга ошириш, педагогларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш вазифасини бажаради. Интеграция орқали эса тарбиячилар ўз тажрибаларини бошқалар билан бўлишади, янги педагогик усуллар ва технологияларни синаб кўриш имкониятига эга бўлади. Бу эса соҳа бўйича илғор амалиётларнинг тез ва кенг тарқалишига олиб келади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар нафақат таълим соҳасида, балки Ўзбекистоннинг бутун тараққиёт стратегиясида муҳим бурилиш нуқтасидир. Ушбу вазифалар орқали давлат таълимни шунчаки хизмат сифатида эмас, балки миллат ривожининг ғоятда таъсирли стратегик воситаси сифатида кўраётганини кўрсата олади.
Шоҳиста Пирматова,
Қашқадарё вилояти педагогик маҳорат маркази матбуот котиби.
ЎзА