Бугунги кунда Ўзбекистонда кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг аксарияти фирибгарлик ёки ўғрилик кўринишида содир этилмоқда. Таҳлилларга кўра, бу жиноятларнинг 60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар орқали мобил қурилмалар ёки банк карталари бошқарувини эгаллаш, 16 фоизи СМС-кодларни қўлга киритиш орқали аккаунтларни бошқариш, 11 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликларга, 9 фоизи эса турли молиявий алдов схемаларига тўғри келади.
Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда Киберхавфсизлик маркази ходимлари, Марказий банк ва Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Анжуманда мамлакатда киберхавфсизликни таъминлаш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ва интернет фирибгарликларига қарши курашиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, интернетдан фойдаланиш имкониятлари кенгайгани сайин кибержиноятлар сони ҳам ошиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, таҳлилларга кўра, 2023 йилда кибержиноятлар умумий жиноятчиликнинг 6,2 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 44,4 фоизга етган. Яъни, деярли ҳар иккита жиноятдан бири ахборот технологиялари воситасида содир этилган.
Тадбирда шунингдек, кибержиноятларнинг кўплаб ҳолатлари фуқароларнинг шахсий ва банк маълумотларига нисбатан эътиборсизлиги натижасида юз бераётгани таъкидланди. Шу сабабли Киберхавфсизлик маркази томонидан аҳоли ўртасида доимий равишда тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг 1–30 ноябр кунлари мамлакат миқёсида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” ўтказилиши маълум қилинди. Мазкур ойлик доирасида аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда интернет фирибгарликларидан огоҳ этиш бўйича кенг қамровли тадбирлар ташкил этилади.

Бугунги кунда киберхавфсизлик — бу нафақат техник, балки ижтимоий масала ҳамдир. Шу боис ҳар бир фуқаро ўз шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, номаълум ҳаволаларни очмаслик ва ишончсиз манбаларга банк картаси маълумотларини киритмаслик орқали нафақат ўзини, балки жамиятни ҳам муҳофаза қилиши лозим.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/Yn5Ck3JDZbM?si=oPsV8AMcs3ratZUS" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М. Эшмирзаева, Д. Якубов, ЎзА