Ўзбекистонда ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ раиси С.Чой ҳамда ЖСТ котибиятининг аъзолик бўлими директори М.Ошикава бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Адлия вазирининг биринчи ўринбосари М.Истамов билан учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида миллий қонунчиликни ташкилот битимларига уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
М.Истамов Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Ушбу жараёнда Адлия вазирлиги томонидан миллий қонунчиликни халқаро савдо қоидаларига мувофиқлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда қонунчиликни уйғунлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2023 йилдан буён 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат ЖСТ битимлари талабларига мувофиқлаштирилди. Хорижий инвестициялар иштирокидаги ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари, шунингдек, резидент ва норезидентлар учун патент божлари бирхиллаштирилди.
С.Чой Ўзбекистонда ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, миллий қонунчиликни халқаро савдо қоидаларига уйғунлаштириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларни эътироф этди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини муваффақиятли якунлаш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштириш ҳамда тадбиркорлар ва инвесторлар учун шаффоф, барқарор ва олдиндан аниқ ҳуқуқий муҳитни шакллантириш йўлида ўзаро мулоқот ва амалий ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА