Ўзбекистонда инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизими янада кучайтирилади
Президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзламоқда.
Президентимиз кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш учун бир қатор устувор йўналишларга тўхталиб ўтилди.
Биринчи йўналиш – инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш.
Инвесторлар ҳуқуқларини кучли институтлар, эътироф этилган халқаро механизмлар орқали таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бу борада март ойидан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ишлар бошланди. Марказнинг ҳуқуқий асослари Конституциявий қонун билан мустаҳкамланади.
Ушбу марказ иштирокчилари учун жозибадор солиқ тизими яратилади. Фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва божхона божлари ноль фоиз этиб белгиланади.
Капиталнинг эркин ҳаракати, исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти сўзсиз кафолатланади. Молиявий технологиялар, рақамли активлар, “яшил” молия учун замонавий тизим яратилади.
Марказ ҳудудида норматив ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга мустақил молиявий регулятор ҳам ташкил этилади.
Дастлабки босқичда бу каби имтиёзларнинг амал қилиш муддати 50 йил этиб белгиланади.
ЎзА