Ўзбекистонда инглиз тилига эътибор кучаймоқда
Буни Кембриж университети ҳам эътироф этяпти
Буюк Британиянинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири – Кембриж университети сайтида чоп этилган “Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш тизимига эътибор кучаймоқда” номли мақолада мазкур олий ўқув юрти Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги (LPA) билан мамлакат бўйлаб “Linguaskill” тестлари ва ўқув ресурслари етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилиши қайд этилган.
Шунингдек, саҳифада мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар, жумладан, ўқув дастури ва тест тизимида кузатилаётган ижобий ўзгаришларга эътибор қаратилган.
– 2021 йил сентябрда Кембриж университети ва Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш, билим даражасини баҳолаш ва ўқув материаллари етказиб бериш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади, – дейилади, жумладан, хабарда. – Шундан буён икки ташкилот Ўзбекистонга “инглиз тилини билиш даражаси”ни аниқлаштириб берувчи “Linguaskill” тестларини етказиб бериш бўйича иш олиб бормоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари Азимжон Ҳасановнинг фикрларидан ҳам иқтибос келтирган. Мутахассис ушбу ҳамкорлик мамлакатимизда инглиз тилини ўрганишга катта ёрдам беришини таъкидлаб, кириш имтиҳонларида фақат грамматикадан тест олиниши халқаро аҳамиятга эга эмаслиги ҳақида сўз юритган.
– Илгари инглиз тилидаги китобларда интерактив материаллар ва қўшимча манбалар бўлмаган, сўнгги пайтда Кембриж университетининг “Guess What” ва “Prepare” каби туркум китоблари мактаб дарсликларига киритилди, – дейди Азимжон Ҳусанов.
– Демак, бу борадаги ишлар энди олдинга силжийди. Биз шу пайтгача Ўзбекистонда кириш имтиҳонлари чоғи инглиз тили бўйича фақат грамматика асосидаги тестлардан фойдаланганмиз. Аслида бунинг халқаро аҳамиятга жуда муҳим эмас. Шу боис инглиз тилини ўрганишга қаратилган мавжуд ресурсларни янгилаяпмиз, нуфузли университет билан махсус тест тизимини жорий қиляпмиз.
Мақолада, шунингдек, мамлакатимизда ўқитувчиларни рағбатлантириш, уларнинг билим даражасидан келиб чиққан ҳолда қўшимча маблағ ажратиш, турли стипендиялар таъсис этиш ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилган.
– Ўзбекистонда ўқитувчи инглиз тилини билиш бўйича C1 даражасига эга бўлса, унинг ойлик маоши 50 фоиз, B2 даражасини олса, 40 фоизгача оширилади. Бундан ташқари, ҳукумат ўқитувчиларга малака ошириш учун ўқув материаллари, жумладан, инглиз тилига тааллуқли йўналишда янги стипендия жорий қилди, – дея таъкидлайди муаллиф.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.