Ўзбекистонда илк бор ОФКнинг элит тоифадаги ҳакамлари семинари ўтказилади
3–7 август кунлари Тошкентдаги Миллий футбол марказида Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)нинг Ғарб минтақаси учун мўлжалланган элит ҳакамлар семинари бўлиб ўтади. Эътиборлиси, мазкур нуфузли тадбир илк бор Ўзбекистон мезбонлигида ташкил этилмоқда.
ОФК тақвимидаги энг муҳим ўқув тадбирларидан бири саналадиган семинарда конфедерация Ҳакамлар департаменти вакиллари, Осиёнинг 92 нафар элит тоифадаги ҳаками, тажрибали инструкторлар ҳамда ҳакамлар тайёрлаш йўналишидаги етакчи мутахассислар иштирок этади.
Беш кунлик ўқув дастури давомида замонавий ҳакамлик мезонлари, ўйин вазиятларини таҳлил қилиш, қарор қабул қилиш сифати, майдондаги бошқарув маданияти, жисмоний тайёргарлик ҳамда VAR технологиясидан самарали фойдаланиш бўйича назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилади.
Мазкур семинар Осиё футболида ҳакамлик сифатини янада юксалтириш, ягона ёндашув ва халқаро стандартларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари — тажрибали инструктор Валентин Коваленко ҳамда ФИФА ҳаками Илгиз Танташев семинарнинг Японияда бўлиб ўтадиган Шарқ минтақаси босқичида ҳам фаолият юритади. Бу эса мамлакатимиз ҳакамлик мактабининг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА