Ўзбекистонда Европа ҳаракатланиш ҳафтаси давом этмоқда
Жорий йилнинг 19 сентябрь куни ўз ишини бошлаган Ўзбекистонда Европа ҳаракатланиш ҳафтаси Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси томонидан ва ҳамкорлар Транспорт вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги каби қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилди.
“Ҳаракатда бирлашайлик! Шаҳарнинг юрагига айлан!” шиори остида ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтирадиган ва экологик муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган барқарор ҳаракатланишга ўтишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ёшлар ишлари агентлигининг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ислом Охуновнинг қайд этишича, Ўзбекистонда Европа ҳаракатланиш ҳафтаси шаҳарларнинг барқарор ривожланиши, яшил ўсиш ва соғлом атроф-муҳит муҳофазасида ҳукуматимиз сиёсати ҳамда ёшларимизнинг келажак ҳақидаги тасаввури билан узвий боғлиқдир.
–Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб этишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлашда муҳим асос ҳисобланади. Ёшлар ишлари агентлиги ёшларимизни соғлом турмуш тарзига аҳамият беришига рағбатлантириш тарафдори. Мамлакатимизнинг турли маҳаллалари ёшлари иштирокида ўтказилаётган қисқа масофага югуриш мусобақалари атроф-муҳитни яхшилаш, соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги интилишларимиз рамзидир, – деди у.
Таъкидлаш керакки, Европа ҳаракатланиш ҳафтаси барқарор ҳаракатланиш танловлари жамиятимиз фаровонлиги, шаҳарлар ва сайёрамизни асрашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 25 сентябрига қадар давом этадиган ушбу ҳафталик доирасида Тошкент шаҳри ва вилоятларда “Тошкентда тунги велосайр”, “Aвтомобилсиз велоҳаракат куни” ва “Барқарор ҳаракатланиш велосайри” каби бир қатор велоҳаракат тадбирлари бўлиб ўтади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА