Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!
Фоторепортаж
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ташкил этилган маданий тадбир миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни кенг тарғиб қилиш баробарида, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, ушбу жараёнда янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига замин яратилганлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-8526]
Дарҳақиқат, мустақил Ўзбекистонда миллатлар ва конфессиялараро тотувлик ва ўзаро бир-бирини тушуниш, ёш авлодни бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.
Шу жумладан, Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани муҳрлаб қўйилган. Улар ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилган.
Тадбирда рус, корейс, қозоқ, қирғиз, озарбайжон миллий маданий марказлар вакиллари ўзларининг миллий урф-одат ва анъаналарини тараннум этди. Миллий таомлар ва либослар намойиши, миллат руҳи билан йўғрилган куй ва қўшиқларда кўп миллатли халқимизнинг юксак маънавий-ахлоқий қадриятлари ўз ифодасини топди.
Тадбир давомида “Биз биргамиз” ҳуқуқий акцияси ўтказилди. Унда ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари тайёрлаган ҳунармандчилик, зардўзлик, тикувчилик, рассомчилик сингари қўл меҳнати маҳсулотларини намойиш этди.
– Бизлар бошқа миллат вакиллари бўлсак-да, ўзимиз яшаётган мамлакатда тенг ҳуқуқли эканлигимиздан мамнунмиз, - дейди вилоят рус миллий маданий маркази раҳбари “Дўстлик” ордени соҳибаси Фаина Голубцова. – Ватанимизда ҳар бир миллат вакилларига, уларнинг дўстлиги, бирдамлигига ҳамиша эътибор қаратилади. Қардошликни янада улуғлаш мақсадида вилоятимизда ўтказиладиган тадбирларда корейс, қирғиз, тожик, қозоқ ва озарбайжон миллатлари вакиллари билан бирга фаол иштирок этиб, иноқлик ва тотувликнинг суруридан баҳраманд бўламиз.
Фурқат ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА