Ўзбекистонда декарбонизация йўналишлари: муаммолар ва имкониятлар
Глобал иқлим ўзгаришлари ва экологик чақириқлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда ҳар бир мамлакат олдида иқтисодиётни рақобатбардош сақлаган ҳолда иссиқхона газлари чиқиндиларини кескин камайтириш вазифаси турибди. Хусусан, Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик мақсадларга эришиш йўлида паст углеродли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштирмоқда. Бу эса, ўз навбатида улкан инвестициялар ва молиявий ресурсларни талаб этиши билан бирга, илмий асосланган прогноз қилиш механизмларини жорий этишни тақозо этади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида ана шу долзарб вазифалар ижросига бағишланган «Ўзбекистонда декарбонизация йўналишлари: муаммолар ва имкониятлар» мавзусида экспертлар семинари бўлиб ўтди. Нуфузли халқаро ва маҳаллий экспертларни бирлаштирган мазкур тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Франция тараққиёт агентлиги (AFD), Иқлим иқтисодиёти институти (I4CE), Барқарор ривожланиш ва халқаро муносабатлар институти (IDDRI), шунингдек, Deep Decarbonization Pathways (DDP) халқаро ташаббуси ва Adelante ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг экспертлар гуруҳи томонидан Ўзбекистон иқтисодиётини декарбонизация қилишнинг узоқ муддатли сценарийларига бағишланган кенг қамровли тадқиқот натижалари тақдим этилди. Мазкур таҳлил Франция тараққиёт агентлиги кўмагида, IDDRI ва DDP тармоғининг методологик кўмаги остида тайёрланган бўлиб, у Pathways Designer моделига асосланган. Ушбу модель энергетика, саноат, транспорт, қурилиш тармоқларининг ривожланиши келажакда иссиқхона газлари миқдорига қандай таъсир кўрсатишини аниқ баҳолаш имконини беради. Айниқса, 2025 йилда ИҲТТ (OECD) кўмагида SIPA лойиҳаси доирасида бошланган ишлар 2026 йилда янада кенгайтирилиб, илк бор қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳамда ердан фойдаланишнинг бошқа турларини қамраб олувчи AFOLU секторининг комплекс баҳолашга киритилгани тадқиқотнинг илмий ва амалий аҳамиятини янада оширди.
– Тадқиқотнинг муҳим жиҳати шундаки, унда тўлиқ миллий статистика маълумотлари ва стратегик ҳужжатлардан фойдаланилган, – деди экспертлар гуруҳи раҳбари Абдурашид Бозоров. – Бу эса иссиқхона газларини қисқартириш сценарийларини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш устуворликлари билан чамбарчас боғлаб, қарорларнинг тармоқларга таъсирини олдиндан кўра билишни таъминлайди. Мазкур саъй-ҳаракатлар бевосита Ўзбекистоннинг янгиланган Миллий даражада белгиланган ҳиссаси (ОНУВ 3.0) талабларига асосланади. Унга кўра, мамлакатимиз 2035 йилга бориб ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга камайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Табиийки, бундай улкан мақсадларга эришиш катта миқдордаги молиявий ресурсларни талаб қилади. ОНУВ 3.0 маълумотларига кўра, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга бўлган умумий эҳтиёж 2030 йилгача 33,7 миллиард доллар, 2035 йилгача эса қарийб 70 миллиард долларни ташкил этади. Бунда фақатгина 2030 йилгача бўлган даврда молиялаштиришдаги маблағ етишмовчилиги 9,5 миллиард долларга баҳоланаётгани эътиборни тортади.
Ушбу молиявий тафовутни бартараф этиш ва паст углеродли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш йўллари семинарда кенг муҳокама қилинди. Хусусан, Иқлим иқтисодиёти институти (I4CE) экспертлари Луиз Кесслер ва Солен Метайе иштирокчиларга LTS Dashboard таҳлилий воситаси орқали узоқ муддатли иқлим стратегияларини молиялаштиришни режалаштириш ва инвестиция эҳтиёжларини ҳисоблаш усулларини таништирди. Шунингдек, давлат ва хусусий шериклик механизмлари, яшил облигациялар ҳамда халқаро климат жамғармалари маблағларини жалб қилиш орқали молиялаштириш турларини мамлакат шароитига мослаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Семинар доирасида Adelante эксперти Сара Диа Ўзбекистоннинг яшил ўсиш бўйича стратегик дастури ижросини баҳолаш натижаларини маълум қилган бўлса, DEXA, IDDRI ва DDP экспертлари томонидан иссиқхона газлари чиқиндиларини моделлаштиришнинг тармоқлараро боғлиқликлари очиб берилди. Якуний муҳокамаларда 2050 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли сценарийларга аниқлик киритиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда иқлим сиёсати мониторингини такомиллаштириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА