Маълумотларга кўра, ҳар йили инсониятнинг яшаш тарзи сабабли 2 миллиард тоннадан ортиқ маиший, қаттиқ чиқиндилар чиқади. 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 3,4 миллиард тоннага кўтарилиши мумкинлиги қайд этилган. Дунё давлатлари бугунги кунда бу муаммога турлича ечимлар изламоқда. Масалан, Японияда аҳоли чиқиндини мустақил равишда ўнлаб тоифаларга ажратади.
Юртимизда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади.
Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали ҳам унинг табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин. Шу мақсадда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Қарийб 1 миллиард 300 миллион долларлик инвестицияларни жалб этган ҳолда, 8 та чиқинди ёқиш заводи қуриш ҳамда Оҳангарон полигонида чиқинди газини қайта ишлаш режалаштирилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликларининг жами 6 та йирик компанияси ўртасида қўшма ривожлантириш шартномалари имзоланди.
Унга кўра, умумий қиймати 1,28 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар натижасида қаттиқ маиший чиқиндилардан оқилона фойдаланиш таъминланади. Йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқиндини ёқиш орқали 2,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, полигонлар сони беш баробарга қисқаришига эришилади. 97 миллион АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳалар 2025-2027 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган.
Хитой Халқ Республикасининг “China CAMC Engineering” компанияси лойиҳасига кўра, Тошкент ва Андижон вилоятларида ҳар бирига биттадан қиймати 350 миллион АҚШ доллари бўлган, 12 гектардан ер майдонида 2 та чиқинди ёқиш заводи қурилади. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланиб, 2026 йил декабрда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар ишга тушиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа орқали йилига 1,38 миллион тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 630 миллион кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 36 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. Шунингдек, 300 та қўшимча иш ўрни яратилади.
Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот хизматининг маълум қилишича, Хитой Халқ Республикасининг “Shanghai SUS Environment” компанияси лойиҳасига кўра, Самарқанд ва Қашқадарёда ҳар бир вилоятда 1 тадан қиймати 310 миллион АҚШ доллари бўлган 2 та чиқинди ёқиш заводи қурилади.
Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикасининг “Chengdu Environmental Group” компанияси лойиҳасига кўра, Жиззах вилоятида қиймати 135 миллион АҚШ доллари бўлган, 12 гектар ер майдонида чиқинди ёқиш заводи қурилади. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланиб, 2026 йил декабрда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали қурилиш материаллари ҳамда электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод ишга тушиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа орқали йилига 547,5 минг тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 230 миллион кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 13 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. 150 та қўшимча иш ўрни яратилади.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Tadweer Group” компанияси лойиҳасига кўра, Бухоро вилоятида қиймати 200 миллион АҚШ доллари бўлган, 12 гектар ер майдонида чиқинди ёқиш заводи қурилади. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланади. 2026 йил декабрда Бухоро ва Навоий вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод ишга тушиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа орқали йилига 547,5 минг тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 363 миллион кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради. 21 минг хонадон электр энергия билан таъминланади. 150 та қўшимча иш ўрни яратилади ва йилига 350 нафар малакали мутахассис тайёрланишига эришилади.
Жанубий Корея Республикасининг “Sejin” компанияси лойиҳасига кўра, Тошкент вилоятида қиймати 55 миллион АҚШ доллари бўлган, 59 гектар ер майдонида 1 та чиқиндиларни қайта ишлаш орқали муқобил энергия ишлаб чиқаришга мослашган завод қурилади. Лойиҳа 2025 йил августда ишга тушиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа орқали чиқиндилар термик усулда утилизация қилиниб, 53 минг тонна иссиқхона газлари, 2 тонна зарарланган сизот сувлари камаяди, 59 гектар полигон рекультивация қилинади ва 16 миллион кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади. 40 та қўшимча иш ўрни яратилади.
Таъкидлаш жоизки, бу каби етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазият барқарорлашиши, санитар ҳолат яхшиланиши, аҳолига хавфли касалликлар юқиши камайиши билан аҳамиятли. Қолаверса, чиқиндиларнинг қайта ишланиши муқобил энергия, хомашё ва органик ўғит олиниши, мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналари ташкил этилишига хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА