Ўзбекистонда бизнес муҳити қандай ўзгармоқда?
Мулоқотдан натижалар сари

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик нафақат иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига, балки ислоҳотлар, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишнинг энг муҳим таянчига айланди. Бу жараёнда Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти алоҳида ўрин эгаллади. Бундай учрашувлар бизнес вакиллари ўз муаммоларини бевосита баён этадиган, ечимлар таклиф қиладиган, давлат эса улар асосида янги қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқадиган доимий мулоқот майдонига айланди.
Илк маротаба 2021 йилда ўтказилган мулоқот давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шаклига асос солди. Унда хусусий сектор ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг қарийб 90 фоизини таъминлаётгани, ушбу соҳада эса 5 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Жамият ва давлат органларининг тадбиркорларга бўлган муносабати сезиларли даражада ўзгарганига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда бизнес иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили сифатида эътироф этила бошланди. Учрашувга тайёргарлик босқичидаёқ тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббуслар келиб тушгани бизнес вакилларининг давлат билан бевосита ва амалий мулоқотга бўлган эҳтиёжи юқори эканини кўрсатди.
Мазкур мулоқот форматининг илк самаралари 2022 йилдаёқ кўзга ташланди. Бир йил ичида тадбиркорлар томонидан бизнес фаолияти учун 55 мингдан зиёд объект бунёд этилди. Йиллик тушуми 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтага етди.
Шунингдек, яна минг нафар тадбиркор ўз айланмасини 1 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлган даражага олиб чиқди, 220 та компаниянинг тушуми эса 100 миллион долларга етди. Ташқи савдо соҳасидаги ўсиш ҳам муҳим натижалардан бири бўлди. Жумладан, экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етиб, экспортнинг умумий ҳажми 30 фоизга ошди.
2022 йилда нафақат миқдорий ўсиш кузатилди, балки тизимли ислоҳотларга қаратилган қатор таклифлар ҳам илгари сурилди. Энг муҳим қарорлардан бири бизнес субъектларини микро, кичик ва ўрта бизнес тоифаларига ажратиш бўлди. Бу барча тадбиркорларга бир хил мезон асосида ёндашишдан воз кечиб, уларни фаолият кўлами ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда манзилли қўллаб-қувватлашга ўтиш имконини яратди. Шу асосда 2023 йил 1 январдан микробизнес субъектлари учун аввал амал қилган 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган айланмадан олинадиган солиқ ставкалари ўрнига 4 фоиз миқдоридаги ягона ставка белгиланди.
2023 йилда очиқ мулоқот тадбиркорлик соҳасидаги муаммоларни ҳал этишнинг самарадорлиги исботланган механизми сифатида баҳоланди. Таъкидланганидек, 2021 ва 2022 йилларда ўтказилган учрашувлар якунида мос равишда 57 та ва 55 та ташаббус илгари сурилган. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши салмоқли натижалар берди. Жумладан, бизнес субъектлари тоифаларга ажратилди, 60 та туманда алоҳида солиқ, кредит ва молиявий тартиблар жорий қилинди. Мазкур туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлар олти ой давомида қарийб 1 триллион сўмлик имтиёзлардан фойдаланди. 20 та туманда эса тадбиркорларнинг даромадлари 1,5–2 баробар ошди.
Солиқ тизимида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Бир йил давомида 6 мингта корхонага 20 триллион сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи қайтарилди. Бундан ташқари, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажараётган 2 мингдан зиёд экспортчига валюта тушумини кутмасдан 7 триллион сўм маблағ қайтариб берилди. ҚҚС тўловчилари сонининг 184 мингтага етгани тадбиркорлик субъектларининг “яширин иқтисодиёт”дан чиқиб, қонуний фаолиятга ўтаётганидан далолат берди. Шу билан бирга, текширувлар сони камайтирилди, ҳисобот юритишдаги айрим камчиликлар ҳамда камерал текширувлар натижасида қўлланиладиган молиявий жарималар бекор қилинди. Натижада кичик тадбиркорлик субъектлари сони 40 мингтага ошиб, 490 мингтага етди, ўрта бизнес субъектлари сони эса 2 мингтага кўпайиб, 10 мингтани ташкил этди. Йирик корхоналар сони 1,5 мингтага етди.
Очиқ мулоқотнинг қамрови 2024 йилда янада кенгайди. Тадбиркорлар билан ишлаш деярли йил бўйи — Президент ва Ҳукумат даражасидан бошлаб ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда Бизнес-омбудсман фаолиятигача бўлган барча йўналишларда изчил олиб борилди. Тасдиқланган дастур ва режалардан ташқари, тадбиркорлар томонидан илгари сурилган 700 дан зиёд масала, ташаббус ва янги лойиҳа қўллаб-қувватланди. Ушбу мақсадлар учун қўшимча равишда 8 триллион сўм маблағ ажратилди, яна 18 триллион сўм эса саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилди.
Натижада соҳада сифат жиҳатдан сезиларли ўсиш юз берди. Уч йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритаётган корхоналар улуши 76 фоизга етди, уларнинг сони эса илк бор 300 мингтани ташкил қилди. Йил давомида тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 25 фоизга ошиб, 986 триллион сўмга етди. Айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар сони икки баравар кўпайди, айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган йирик корхоналар сони эса 2 200 тадан ортди. Шунингдек, аввал зарар билан ишлаган 16 мингта корхона олти ой ичида фаолиятини фойда билан якунлаб, жами 6,5 триллион сўм даромад олишга эришди.
Давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларнинг янада яхшилангани ҳам муҳим натижалардан бири бўлди. Солиқ текширувлари сони 85 мингтадан 48 мингтага, камерал текширувлар сони эса 38 мингтадан 12 мингтага камайди. Шу билан бирга, солиқ тушумлари пасаймади, аксинча, йирик солиқ тўловчилар ҳисобидан 10 фоизга, вилоят миқёсидаги корхоналар бўйича 25 фоизга, туман даражасидаги тадбиркорлар бўйича эса 40 фоизга ошди. Бу ҳолат ўзаро ишончни кучайтириш, маъмурий босимни қисқартириш ва қонуний тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ортиқча назорат чораларига қараганда самаралироқ натижа бериши мумкинлигини кўрсатади.
2025 йилда эса асосий эътибор тадбиркорлик тараққиётининг янги босқичига ўтишга қаратилди. Йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 7,2 фоизни ташкил этди. Шу фонда минглаб микро ва кичик корхоналар жадал суръатларда ривожлана бошлади. Бир йил ичида 1 600 та микрокорхонанинг айланмаси 10 миллиард сўмдан ошиб, улар ўрта бизнес тоифасига ўтди. 143 та микрокорхона йирик бизнес субъектига айланди, яна 122 та кичик корхона эса йирик корхоналар сафидан ўрин олди.
Дарҳақиқат, юртимизда бизнес фаолиятини «яширин иқтисодиёт»дан чиқариш ва аҳоли бандлигини расмийлаштириш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда. Жорий этилган янги механизмлар натижасида 139 мингта корхонада иш ўринлари сони 811 мингтага кўпайиб, 2,2 миллиондан 3 миллионга етди.
Шунингдек, 273 мингта корхонада иш ҳақи жамғармаси 22 фоизга, яъни 4,6 триллион сўмга ошди. 2024 йилда хусусий секторда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 4 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 5 миллион сўмга яқинлашди. Бу эса тадбиркорлик нафақат даромад олиш манбаи, балки аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтиришнинг муҳим омили эканини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, 2021–2025 йилларда ташкил этилган очиқ мулоқотлар давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги самарали қайта алоқа механизмига айланди. Хусусан, тадбиркорлар фаолиятида учраётган тизимли муаммолар ўз вақтида аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тезкор ва амалий чоралар кўрилди. Солиқ ҳамда маъмурий юкни енгиллаштириш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб, экспорт фаолияти ва инвестиция лойиҳалари қўллаб-қувватланди. Энг муҳим натижа сифатида давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро ишонч мустаҳкамланди.
Рамзидин Нуридинов,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси.
ЎзА