Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг турмуш даражаси халқаро мезонлар асосида баҳоланади
Ўзбекистонда 2027–2028 йилларда аҳоли, хусусан, аёллар ва болаларнинг турмуш шароити, саломатлиги, таълим олиши ҳамда ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиниш ҳолатини ўрганишга қаратилган «Мультииндикатор кластер кузатуви» ўтказилади.
Мазкур кузатув натижалари мамлакатдаги ижтимоий соҳалар ҳолатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича самарали чоралар ишлаб чиқишга хизмат қилади. Ана шундай таҳлилий жараённи ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш — 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йил 14 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 2027–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида «Мультииндикатор кластер кузатуви»ни ўтказишга оид қарори қабул қилинди.
Қарорда “Мультииндикатор кластер кузатуви” (MICS) дастурининг кузатув жараёнларини ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг тўғри ташкил этилиши, кузатувни ташкил этишдаги вазирлик ва давлат ташкилотлари ҳамда идораларининг аниқ вазифалари белгилаб берилган.
“Мультииндикатор кластер кузатуви” (MICS) дастури — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан қўллаб-қувватланадиган халқаро статистик тадқиқот дастури ҳисобланади. У орқали болалар ва аёлларнинг саломатлиги, овқатланиши, таълим олиши, яшаш шароити, болалар ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояси каби муҳим йўналишлардаги ҳолат ўрганилади. MICS асосан, болалар ва аёллар ҳолатини баҳолаш мақсадида маълумотлар йиғади.
MICS кузатувини ўтказишдан кўзланган мақсад аҳолининг яшаш шароитлари тўғрисидаги маълумотларни, 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёллар билан ўтказилган сўровнома натижаларини, 5 ёшгача бўлган болалар тўғрисида оналари ёки васийларидан олинган аниқ маълумотларни, аҳоли турмуш даражаси, яшаш жойи (шаҳар ёки қишлоқ) ва жинси бўйича тўпланган барча маълумотларни мамлакатлар миқёсида халқаро даражада таққослаш имконини беради.
Мазкур лойиҳани Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича Миллий статистика қўмитаси ҳамда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ўртасида икки томонлама меморандум имзоланган.
Қарорга мувофиқ, кузатувни ташкил этиш ва унинг сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида Миллий соҳалараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади. Ушбу кенгаш кузатувга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва натижаларини умумлаштириш билан боғлиқ жараёнларни мувофиқлаштиради.
Шунингдек, кенгаш кузатув режаси ва бюджетини тасдиқлайди, сўровномаларни кўриб чиқади ҳамда якуний миллий ҳисобот ва таҳлилий материалларни ўрганади.
Сўровлар уй хўжаликларида ўтказилади
Кузатувни ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб Миллий статистика қўмитаси белгиланган. Қўмита ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда кузатув учун зарур танланма ҳажмини шакллантиради ва уй хўжаликларини халқаро MICS услубияти асосида тасодифий танлаб олади.
Шунингдек, сўровномалар ишлаб чиқилади, улар пилот ҳудудларда синовдан ўтказилади ва такомиллаштирилади. Сўровлар респондентлар билан юзма-юз суҳбат ўтказиш орқали электрон қурилмалар — планшетлар ёрдамида амалга оширилади. Бу маълумотларни тезкор йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконини беради.
Бунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва сўров иштирокчиларининг махфийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Кузатув босқичлари ва муддатлари
Қарорда кузатувни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан, кузатувга тайёргарлик ишлари 2027 йилнинг июнь ойига, дала ишлари 2027 йил ноябрь ойига, маълумотларни таҳлил қилиш 2028 йил март ойига, миллий ҳисоботни тайёрлаш 2028 йил июнь ойига ва кузатув натижаларини эълон қилиш 2028 йил июль ойига қадар амалга оширилади. Кузатувга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва натижаларини қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг белгиланган муддатларда асосий иш жойидаги лавозими ҳамда ўртача иш ҳақи сақланиши ҳам назарда тутилган.
Жараённи молиялаштириш ва идоралараро ҳамкорлик
Кузатув билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети, халқаро ва донор ташкилотлар маблағлари, шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг қонунчиликда тақиқланмаган маблағлари ҳисобидан қопланади.
Миллий статистика қўмитаси кузатув харажатларини 2027–2028 йилларда Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш учун Расмий статистика соҳасидаги давлат дастурига киритилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 апрелга қадар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро ҳамда донор ташкилотлар маблағларини жалб қилиш чораларини кўради.
Кузатув жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам муҳим вазифаларни бажаради. Хусусан, қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда, тадқиқот мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлардан, жумладан, оилавий шифокор пунктлари, поликлиникалар ва рақамли тиббий ахборот тизимларидаги тегишли маълумотлардан статистик мақсадларда фойдаланиш учун шароит яратилади.
Ҳудудларда кузатувни ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Миллий статистика қўмитасига кўмаклашади. Кадастр агентлиги эса зарур картографик материаллар билан таъминлайди.
Шу билан бирга, кузатувга кўмаклашувчи идораларнинг уй хўжаликлари билан ўтказиладиган бевосита сўровларга аралашиши қатъиян тақиқланади. Бу эса сўровларнинг холислиги ва мустақиллигини таъминлашга қаратилган.
Ички ишлар вазирлиги кузатувда иштирок этадиган ходимлар хавфсизлигини таъминлайди. Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоятлар марказларида Миллий гвардия ички ишлар органларига кўмаклашади.
Натижалар асосида янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилади
Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири — кузатув натижаларидан фақат статистик маълумот сифатида эмас, балки ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш воситаси сифатида фойдаланиш белгилангани.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси кузатув натижаларидан келиб чиқиб, тегишли йўналишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Умуман олганда, «Мультииндикатор кластер кузатуви» Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг ҳаёт сифатига таъсир кўрсатувчи омилларни чуқур ўрганиш, ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва давлат сиёсатини аниқ статистик маълумотлар асосида шакллантириш учун муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, халқаро стандартлар асосида олинган ишончли маълумотлар аҳоли фаровонлигини ошириш, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА