
Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳрининг Колпино районидаги Колпино шаҳрида “Ўзбекистонда барпо этиладиган кам қувватли атом электр станцияси реактори учун қуйиладиган пўлатга ишлов бериш жараёнлари” мавзусида пресс-тур бўлиб ўтганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Жаҳон атом энергетикаси соҳаси етакчиларидан бири – «Росатом” давлат корпорацияси ташаббуси билан ташкил этилган ҳамда корпорациянинг қатор соҳалари мутасадди ва масъуллари, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган пресс-тур давомида атом энергетикаси соҳаси, унинг истиқболлари, “Росатом” томонидан амалга оширилган лойиҳалар, атом энергетикаси соҳасида Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги, Россия технологияси асосида Жиззах вилоятида барпо этиладиган кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси ҳақида кенг маълумотлар берилди, корпорациянинг машинасозлик дивизиони техник имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, “Росатом” тасарруфидаги “АЭМ-Спецсталь” ишлаб чиқариш комплекси ҳамда “Ижора” заводи цехларидаги иш жараёнлари билан яқиндан танишилди.
Атом энергетикаси – энергия ишлаб чиқаришда самарали тармоқ
Шу ўринда атом энергетикаси, унинг аҳамияти хусусида қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Атом энергетикаси орқали жаҳондаги мавжуд энергоресурсларнинг салмоқли қисми ишлаб чиқарилмоқда. Бир неча ўн йиллар аввал йўлга қўйилган ушбу тармоқ бугунги кунга келиб, дунё миқёсида электр энергияси ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутмоқда. Атом электр станцияларида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси бошқа турдаги электростанцияларда ишлаб чиқарилаётган энергияга нисбатан арзонлиги, асосийси, турли зарарли модда ва газларнинг атмосферага чиқиши ўта камлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Ҳозир Америка Қўшма Штатлари, Россия, Франция, Германия, Япония, Венгрия, Швеция, Хитой сингари ўнлаб давлатларда атом энергиясидан фойдаланиш анча ривожланган. Бу иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, аҳолининг энергияга нисбатан кундан-кунга ўсиб бораётган эҳтиёжини қондиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Атом электр станцияларида ядро энергияси махсус занжирли жараёнлар орқали электр энергияга айлантирилади. Бу ҳам арзон, ҳам юқори экологик самарадорлиги билан бошқа турдаги энергия ишлаб чиқариш усулларидан афзалдир.
Соҳанинг афзаллик ва қулайликлари, самарадорлиги инобатга олиниб, кейинги йилларда мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида атом энергетикаси бўйича “Ўзатом” агентлиги ташкил этилиб, самарали фаолият олиб бормоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати, соҳага алоқадор ташкилотлар томонидан юртимизда атом электр станциясини барпо этиш масаласи атрофлича ўрганилиб, аниқ хулосага келинди. Яъни мамлакатимизда атом электр станциясини қуриш мақсадга мувофиқ деб топилди ва бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди.
2024 йил май ойида Ўзбекистон ўз ҳудудида кам қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича жаҳон атом энергетикаси соҳасида муайян тажриба эга, мазкур йўналишда самарали иш олиб бораётган ва ижобий натижаларга эга Россия Федерациясининг “Росатом” давлат корпорацияси билан келишувга эришди.
Мутахассислар томонидан кам қувватли атом электр станцияси қуриш учун потенциал майдонларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси ва тегишли ташкилотлар томонидан Жиззах ва Навоий вилоятларида муҳандислик-қидирув ишлари амалга оширилди. Ушбу қидирув ишлари натижалари бўйича 7 та потенциал майдон аниқланиб, улар бир-бири билан таққосланди. Таққослаш ва солиштирув натижалари Атом энергетикасини ривожлантириш бўйича давлат комиссияси ва «Ўзатом» агентлигининг илмий ва экспертлик кенгаши қўшма йиғилишида экспертлар, олимлар, вазирлик, идораларнинг мутахассислари иштирокида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Унга кўра, Жиззах вилояти Фориш туманида жойлашган Тузкон кўли ёнидаги майдон атом электр станциясини қуриш учун устувор майдон деб топилди.
Мамлакатимизнинг атом энергетикасидан фойдаланиш, атом электр станцияси қуриш борасидаги саъй- ҳаракатлари Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Халқаро атом энергияси агентлигининг махсус комиссияси томонидан Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қуриш лойиҳаси, қурилиши лозим деб топилган майдон ўрганилди.
Текширув давомида Халқаро атом энергияси агентлиги комиссияси инспекторлари атом энергетикаси дастурининг инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда лойиҳа ҳужжатлари тайёрлиги, шунингдек, объектни муҳофаза қилиш ва ядро тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилган хавфсизлик чораларини ҳам чуқур текширди.
Ўзбекистонда ҳали атом энергетикаси майдончасини аниқлаш, қуриш бўйича норма, қоидалари мавжуд эмаслигидан келиб чиқиб, ўрганиш ва текшириш жараёнлари МАГАТЭ томонидан белгиланган ҳамда Россия федерациясининг норма ва қоидалари асосида ўтказилди. Ҳукуматлараро битимга мувофиқ, ушбу лойиҳани амалга оширишда Россия Федерациясининг нормаларидан фойдаланиш белгиланди. Ана шундан келиб чиқиб, майдонни танлаш МАГАТЭнинг тавсиялари ва Россия Федерациясининг нормалари бўйича баҳоланди.
Ўрганиш ва текширувлардан сўнг Ўзбекистон ўз ҳудудида биринчи атом электр станциясини қуришга тўлиқ тайёр, деган хулосага келинди.
Ҳамкорлик: самара ва истиқболлар
“Росатом” давлат коорпорацияси тасарруфидаги “АЭМ-технология” акциядорлик жамияти бош директорининг биринчи ўринбосари Ровшан Аббосов, корпоратив коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Анастасия Марголина, “Росатом-машиностроение” масъулияти чекланган жамиятининг сотиш ва ёрдамчи жиҳозлар депортаменти директори Александр Осипов, “Росатом” машинасозлик дивизиони кам қувватли атом станциялари лойиҳалар офиси директори Виталий Пакерманов, “РМС” муассасаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича менеджери Татьяна Кутруева ва бошқа масъуллар иштирок этган пресс-тур доирасида ўтказилган тадбирда “Росатом” томонидан амалга оширилган лойиҳалар, атом энергетикаси соҳасида Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги, Россия технологияси асосида Жиззах вилоятида барпо этиладиган кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси ҳақида маълумотлар берилди, корпорациянинг машинасозлик дивизиони техник имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россия атом электр станциялари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Умуман, “Росатом” томонидан Россия технологияси асосида, дунёнинг 20 яқин давлатида 40 яқин атом электр станцияси барпо этилган ва ҳозирда қурилиш ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган барча лойиҳалар халқаро меъёр ва нормалар асосида бажарилган.
–Жумладан, Ўзбекистонда қуриладиган кам қувватли атом электр станцияси ҳам ана шулардан бири ҳисобланади, – дейди “Росатом” машинасозлик дивизиони кам қувватли атом станциялари лойиҳалар офиси директори вазифасини бажарувчи Виталий Пакерманов. – Нима учун кам қувватлли атом электр станцияси барпо этилаётганлигига эътибор қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Чунки бундай станцияларда бир майдонга бир нечта блок ва реакторларни ўрнатиш имконияти кенроқ, қолаверса, фойдаланиш қулай ва юқори хавфсизлик тизимига эга.
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида Россия технологияси асосида Жиззах вилоятида барпо этиладиган ҳар бири 55 МВт бўлган олтита реактордан иборат, умумий қуввати 330 МВтли кам қувватли атом электр станцияси янги – сув-сув ядро реактори “РИТМ-200 Н”дан фойдаланган ҳолда қурилади.
Инновацион ва илғор технологияларга асосланган мазкур лойиҳа ўзининг ихчамлиги, ускуна ва компонентларни йиғишнинг қулайлиги, катта хажмдаги атом электр станцияларига нисбатан қурилиш ишларининг қисқа муддат талаб этиши билан аҳамиятлидир.
“РИТМ-200 Н” типидаги реакторлар ўрнатиладиган кам қувватли атом электр станцияси 60 йилгача муддат хизмат кўрсатади. Йирик корхоналар, умуман, иқтисодиёт тармоқлари узлуксиз, сифатли электр энергияси билан таъминланишини кафолатлайди.
Барпо этиладиган станцияда хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Станция хавфсизлик ва экологик мусаффоликни таъминлаш бўйича халқаро талабларга жавоб берадиган энг замонавий ускуналар билан таъминланади. Қолаверса, ўрнатиладиган автоматик бошқарув тизими инсонларнинг хато қилиш имкониятларини кескин чеклайди.
Малакали маҳаллий кадрлар тайёрлаш – муҳим вазифа
Шунингдек, тақдимотда мамлакатимизда барпо этиладиган кам қувватли атом электр станцияси ишлайдиган, унга хизмат кўрсатадиган маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш масаласида ҳам алоҳида фикр юритилди.
–Албатта, бўлажак кам қувватли атом электр станциясида иш олиб борадиган, унга хизмат кўрсатадиган мутахассислар асосан маҳаллий кадрлардан иборат бўлади, – дейди Виталий Пакерманов. – Бу борада “Росатом” коорпорацияси ва “Ўзатом” агентлиги ҳамкорлигида малакали маҳаллий мутахассислар тайёрлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, Ўзбекистондаги қатор олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар танлаб олиниб, уларни Россия Федерациясининг атом энергетикаси соҳаси учун мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртларида ўқитиш йўлга қўйилади. Умуман, бу борада олдимизга қатор вазифалар қўйиб олганмиз. Асосий мақсадимиз рақобатбардош, юқори малакали, илғор технологиялар билан ишлай оладиган маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Юртимизда қуриладиган кам қувватли АЭС реакторлари учун пўлат асослар қуйилди
Пресс-тур қатнашчиларига “Росатом” корпорацияси машинасозлик дивизионининг техник имкониятлари, унинг таркибига кирган корхоналар томонидан кам қувватли атом электр станцияларига реактор ускуналари ва бошқа турли қисмларни тайёрлаш, уларга ишлов бериш ҳақида маълумотлар берилди. “АЭМ-спецсталь” корхонасининг 47- цехидаги иш жараёнлари билан танишилди.
- Корхонамиз “Росатом” машинасозлик дивизиони ишлаб чиқариш ва технологик жараёнлари занжирининг илк поғонаси ҳисобланади, – дейди “АЭМ-спецсталь” корхонаси директори Сергей Кузнецов. – Яъни бу ерда иссиқлик, атом энергетикаси комплекслари, шунингдек, саноатнинг бошқа тармоқлари учун реакторлар, буғ генераторлари ҳамда бошқа барча турдаги металл қисм ва жиҳозлар тайёрланади, атом электр станциялари реакторлари учун корпуслар қуйилади.
Реактор жиҳозларини тайёрлаш махсус майдонларда атом электр станциялари қурилиши бошланишидан аввалроқ бошланади. Жумладан, Ўзбекистонда барпо этиладиган кам қувватли атом электр станциясининг “юраги” ҳисобланадиган “РИТМ-200 Н” типидаги реакторлар учун пўлат корпуслар ҳам айнан корхонамизда қуйилади.
[gallery-23932]
Технологик занжирнинг биринчи босқичида замонавий пўлат қуйиш комплексида атом электр станциясининг асоси бўлган, оғирлиги 450 тоннагача келадиган пўлат асос 1200 дан 1600 градусгача иссиқликда қуйилади. Бу босқичда суюлтирилган металга махсус кимёвий ишлов бериш муҳим ҳисобланади. Чунки реактор ўрнатиладиган ушбу жиҳоз бир неча ўн йиллар давомида юқори босим ва ҳароратда ишлайди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда “Росатом” олим ва мутахассислари металлургия бўйича ноёб малака ҳамда тажрибалар ўташган. Улар томонидан ўта мустаҳкам пўлат яратиш бўйича янги технологиялар ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, металлнинг юқори сифатини таъминлаш учун корхонада электрошлак ва вакуум-ёйни қайта эритиш мосламалари ишлатилмоқда. Пўлатни эритиш жуда кучли ёйли пўлат эритиш печида амалга оширилади. Ишлаб чиқариш жараёнида суюқ металнинг ҳарорати 1700 даражага етади. Шундан сўнг эритилган металл қуйиш ковшига келиб тушади, у ерда суюқ металл қолипга солинади ва махсус ишлов берилади, вакуумлаш, металнинг кимёвий таркибни кучайтириш жараёнлари бажарилади. Пўлатни қуйиш вакуум камерасида амалга оширилади, бу метални қўшимча тозалаш имконини беради. Олинган қуйма суюқ металл маълум вақт махсус камерада сақланади, белгиланган даражагача совутилади, сўнгра қуйиш, темир-пресслаш цехига юборилади.
Иккинчи босқич қуйиш, пресслаш бўлиб, пресс-тур иштирокчилари цехда айнан ана шу жараённи бевосита кузатиш имконига эга бўлди.
Пўлатни махсус қолипга қуйиш жараёни дунёдаги энг кучли, 12 минг тонна қувват билан ишлайдиган автоматлаштирилган махсус мажмуада амалга оширилади. Ушбу босқич доирасида металга зарур шакл берилади. Зарур шаклга келтирилган асос ишлов бериш учун машинасозлик дивизиони таркибидаги бошқа завод цехларига юборилади.
Пўлат пластик деформация усулида ишлов бериш йўли билан зарур шаклга келтирилгандан сўнг учинчи босқичда унга белгиланган геометрик параметрлар ва механик тавсифлар асосида механик ва термик ишлов берилади.
Пресс-тур қатнашчилари ана шу ишлар амалга ошириладиган “Росатом” машинасозлик дивизиони таркибидаги “Ижора” заводининг махсус цехидаги иш жараёнлари билан ҳам танишди. Мутахассислар томонидан ишлов бериш жараёнлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Россия технологияси асосида мамлакатимизда барпо этиладиган кам қувватли атом электр станциясининг барча реакторлари учун асослар айнан юқорида келтирилган завод цехларида, қайд этилган босқичларда тайёрланади.
Қизиқарли ва мазмунли ўтган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари лойиҳа доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассис ва мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cIE6OHiOBwE" title="O‘zbekistonda atom energetikasi yangi bosqichga ko‘tariladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Фахриддин Убайдуллаев, Ёқубжон Мелибоев (сурат), ЎзА мухбирлари
Тошкент - Санкт-Петербург - Тошкент.