Ўзбекистонда 2030 йилгача 30 та янги туризм ҳудуди ривожлантирилади
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш энди алоҳида меҳмонхона ёки сайёҳлик объекти қуриш билан чекланмайди.
Туристик салоҳияти юқори ҳудудларни бутун бошли туристик мажмуа сифатида режалаштириш, инфратузилмасини янгилаш ва уларнинг ягона қиёфасини яратишга эътибор кучайтирилмоқда.
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Буюк Британияда ташкил этилган “Arup” муҳандислик ва консалтинг компаниясининг минтақавий директори Илкай Чоргандағ билан учрашиб, Ўзбекистонда истиқболли туризм ҳудудларини комплекс ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Суҳбатда туризм соҳасини барқарор ривожлантириш, юқори туристик салоҳиятга эга ҳудудларни комплекс ўзлаштириш ва замонавий туризм инфратузилмасини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, 2030 йилга қадар 30 та янги туризм ҳудудини комплекс мастер-режалар асосида ривожлантириш режаси муҳокамаларнинг асосий йўналишларидан бири бўлди.
Бундан ташқари мастер-режа асосида ҳудуднинг транспорт тизими, шаҳарсозлик ечимлари, меҳмонхона инфратузилмаси, дам олиш масканлари ва бошқа зарур объектлари ўзаро уйғун ҳолда режалаштирилади.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йил апрель ойида Президентнинг тегишли қарори асосида Туризм қўмитаси ҳузурида “Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” давлат муассасаси ташкил этилган.
Энди ушбу йўналишда халқаро тажрибадан фойдаланиш масаласига ҳам кенг йўл очилмоқда.
“Arup” компанияси 1946 йилда Буюк Британияда ташкил этилган бўлиб, йирик инфратузилма, транспорт, шаҳарсозлик ва туризм лойиҳаларини комплекс режалаштириш ва амалга оширишда иштирок этиб келади. Компания 37 давлатда 100 дан ортиқ офиси орқали фаолият юритади.
Учрашувда “Arup”нинг Ўзбекистондаги истиқболли туристик ҳудудларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Компания вакиллари Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очиш истагини ҳам билдирди.
Бу эса ҳамкорликни алоҳида лойиҳалар доирасидан чиқариб, Ўзбекистондаги туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли шерикликка айлантириш имконини беради.
Учрашув якунида Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” давлат муассасаси билан “Arup” компанияси ўртасида англашув меморандуми имзолаш таклифи маъқулланди.
2030 йилга қадар режалаштирилган 30 та янги туризм ҳудуди эса бу жараённинг энг йирик йўналишларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА