Ўзбекистон жаҳон матбуоти саҳифаларида
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ички тараққиётни рағбатлантириш баробарида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ҳам мустаҳкамламоқда. Шу боис кўплаб етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари юртимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш, инвестиция ва туризм учун қулай муҳит яратиш каби устувор йўналишларда олиб борилаётган фаол саъй-ҳаракатларга эътибор қаратмоқда.
Жаҳон матбуоти диёримиздаги янгиланишларни турли ракурсдан таҳлил қилар экан, республикамизнинг барқарор ривожланиш моделига алоҳида урғу бермоқда.
Azerbaijan News: Стратегик шериклик янги босқичга чиқмоқда
“Azerbaijan News” нашри Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, стратегик шериклик мазмуни билан бойиб бораётганини ёзган. Мақолада икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот жуда фаоллашгани, иқтисодий ва гуманитар алоқалар кенгайиб бораётгани қайд этилган.
Муаллиф фикрича, ўзаро ишончга асосланган бундай шериклик нафақат икки томонлама муносабат, балки бутун минтақа барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
The Economic Times: “Ўзбекистон-2030” – узоқ муддатли тараққиёт йўли
Ҳиндистоннинг “The Economic Times” нашри мамлакатимизда қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси кенг қамровли ислоҳотлар дастури сифатида баҳоланган мақола чоп этди. Муаллиф ушбу ҳужжатда иқтисодий ўсиш суръатини ошириш, хорижий инвестиция оқимини жадаллаштириш ва саноатни юқори босқичга олиб чиқиш асосий мақсад сифатида белгиланганига алоҳида эътибор қаратган.
Шу билан бирга, материалда ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби долзарб йўналишлар ҳам дастурнинг муҳим қисми экани қўшимча қилинган.
Kazpravda: Ислом цивилизацияси маркази – халқаро эътироф намунаси
Қозоғистоннинг “Kazpravda” нашри Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Гиннес рекордлари китобига киритилганини мамлакат маданий ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида баҳолади.
Шу мавзудаги материалда мазкур мажмуа нафақат нодир меросни жамлаган марказ, балки илмий тадқиқотлар ва маънавий қадриятларни тарғиб этувчи нуфузли маскан сифатида ҳам ўзига хос аҳамият касб этаётгани таъкидланган. Бундай глобал лойиҳалар мамлакатимиз маданий дипломатиясининг улкан салоҳиятини намоён этаётганига эътибор қаратилган.
News Central Asia: Ўзбекистон – хавфсиз ва очиқ диёр
“News Central Asia” нашри Ўзбекистонни минтақадаги хавфсиз ва очиқ сайёҳлик йўналиши сифатида тавсифлади. Мақолада мамлакатимиз туризм инфратузилмаси жадал ривожланаётгани, виза тартиби изчил енгиллаштирилаётгани ва сайёҳлар учун янада қулай шароит яратилаётгани қайд этилган.
Айниқса Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар, бой маданий меросимиз ва азалий меҳмондўстлик муҳити юртимизнинг хорижликлар учун жозибадорлигини янада ошираётгани таъкидланган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА