Ўзбекистон ёшлари яна бир жаҳон чемпионатига йўл олди
Шу кунларда АҚШнинг Калифорния штатида “Microsoft Office Specialist” ҳамда “Adobe Certified Professional” халқаро мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Унда миллий чемпионатда ғолиб бўлган иқтидорли ёшларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилиш учун иштирок этмоқда.
Мазкур нуфузли мусобақада 100 дан ортиқ давлатдан келган ёшлар Microsoft (Word, Excel, PowerPoint) ва Adobe (Photoshop, Illustrator, InDesign) дастурлари бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Ёшлар кунига бағишланган учрашувда халқаро профессионал сертификатларни оммалаштириш ва замонавий касбларни ривожлантиришни устувор йўналиш сифатида таъкидлаган эди. Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу чемпионат ёшларимизнинг глобал меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини намойиш этиш учун муҳим қадамдир.

Шунингдек, сафар доирасида ўтказиладиган “2026 Global Partner Summit” халқаро саммити вакилларимизга қатор имкониятларни тақдим этади.
Жумладан, дунёнинг энг кучли рақамли мутахассислари билан беллашиш, глобал технологик компаниялар экспертлари билан тажриба алмашиш ҳамда мамлакатимизда халқаро профессионал сертификатлаш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,ЎзА