Ўзбекистон–Япония: аграр соҳадаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб турибди. Ташриф доирасида делегация кунчиқар юртнинг Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, балиқчилик вазирлиги ҳамда аграр соҳага ихтисослашган компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда.
Делегациянинг илк учрашуви вазирликнинг Ривожланаётган минтақалар билан ишлаш, экспорт ва халқаро алоқалар департаменти директори Мицуо Шимада билан бўлиб ўтди.

Томонлар озиқ-овқат хавфсизлиги, илмий тадқиқотлар, инновациялар ва тажриба алмашиш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Ўзаро мулоқот давомида 2024 йилда аграр ва озиқ-овқат бўйича ўтказилган Токио Форуми икки ўлка бизнес алоқаларига юқори туртки бергани қайд этилди.

Ташриф доирасида диёримиз вакиллари “Aglis Co. LTD” вице-президенти Риосуке Хара ҳамда “K. Sakai Co. Ltd” компанияси раҳбари Юкихиро Сакаи билан ҳам учрашувлар ўтказди. Музокаралар натижасида янги инвестицион лойиҳа бўйича келишувга эришилди.
Мазкур лойиҳа Япониядан киви кўчатларини Ўзбекистонга олиб келиш ва уларни Сирдарё вилоятида экиш ҳамда етиштириладиган киви гулчангини Японияга экспорт қилишни назарда тутади. Компания кўчатлар 2026 йил февраль–март ойларида етказилишини маълум қилди. Ҳозирда экиш учун ер майдони ажратилган ва агротехник тайёргарлик ишлари бошланган.
Шубҳасиз, Токиодаги музокаралар икки давлатнинг аграр соҳада узоқ муддатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қатъий интилишини тасдиқламоқда.
М.Пирматова, ЎзА