
Италияда бўлиб ўтаётган XIX Венеция меъморчилик биенналесида Ўзбекистон миллий павильони тантанали равишда очилди.
Йил оша ташкил этиладиган ушбу нуфузли анжуманда бешинчи бор иштирок этаётган мамлакатимиз вакиллари бу гал “Кўзларни қамаштирувчи ёғду” номли лойиҳа тақдим этишди.

Павильонда намойишга қўйилган, меъморчилик, илм-фан, замонавий санъат ва барқарор ривожланиш инъикоси уйғунлашган ашё ва буюмлар ўзбек модернизми мероси ҳақида тасаввур беради.
Қайд этиш керак, лойиҳадан қуёш энергияси соҳасидаги энг йирик тадқиқот дебочаси — академик Содиқ Азимовнинг илмий мероси ҳам ўрин олган.

— Айвонимиз Ўзбекистоннинг Венеция биенналеси халқаро меъморчилик кўргазмасидаги учинчи иштирокини ифодалайди, — дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова. — Ижодкорларимиз мажмуада Ўзбекистоннинг барқарор, истиқболга йўналтирилган кенг кўламли ишончи, интилишини акс эттиришга ҳаракат қилган. Республикамизнинг атроф-муҳит барқарорлиги ва пешқадам инновацияга содиқлиги ҳам таъкидланган. Ишончимиз комилки, Милан, Шаржа ва Тошкентдаги туркум кўргазмаларнинг мантиқий давоми сифатида “Кўзларни қамаштирувчи ёғду” диёримизнинг меъморий ва илмий мероси – ғоялар ва тамаддунлар мангу чорраҳаси тавсифи билан жаҳон миқёсидаги ҳамкорликка муносиб ҳисса қўшади.

"Венециядаги Ўзбекистон"га академиклар, санъатшунос олимлар қизиқиш билдирмоқда, жуда кўп меҳмонлар, сайёҳлар киряпти. Миллий кўргазмамиз 23 ноябрга қадар санъат иштиёқмандларини чорлаб туради.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА