Ўзбекистон ветеринария тизими барқарорлашмоқда
Пойтахтимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига 70 дона музлаткич топширилди.
Пойтахтимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига 70 дона музлаткич топширилди.
“Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви асосида пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралар” лойиҳаси доирасида топширилган музлаткичлар бутун мамлакатдаги ветеринария лабораториялари техник имкониятини ошириши айтилди.

– Ўзбекистон ветеринария тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳайвонлар ва инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ветеринария назорати самарадорлигини оширишни режа қилганмиз, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.
Музлаткичлардан ташқари, ФАО томонидан антибиотиклардан оқилона фойдаланиш, сут ва паррандачиликда улардан фойдаланишни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида 3000 нусха босма ахборот материаллари ҳам топширилди.

Анжуманда ветеринария шифокорлари ва фермерлар учун ҳайвонлар касалликлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича махсус йўриқномалар тайёрлангани маълум қилинди. Ушбу материаллар микробларга қарши чидамлиликни ривожлантириш хавфини минималлаштириш ҳамда мутахассислар ва фермерлар ўртасида хабардорликни оширишга қаратилган.

– ФАО қўмита билан узоқ вақтдан бери фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда ва биз ветеринария инфратузилмасини мустаҳкамлашда давом этамиз, – деди Шерзод Умаров. – Яқин келажакда замонавий лаборатория асбоб-ускуналари харид қилиш ва топширишни режалаштирганмиз.
ФАО ушбу лойиҳани ва мамлакатимизда ветеринария хизмати моддий-техник базасини модернизация қилишга қаратилган бошқа ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА