Ўзбекистон ва Япония тинч атом соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
“Ўзатом” агентлигида Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги (METI), Металл ва энергетика хавфсизлиги ташкилоти (JOGMEC) ҳамда “ITOCHU Corporation” компанияси вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ва Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигининг Ядро энергетикаси соҳасида халқаро ҳамкорлик офиси директори ўринбосари, делегация раҳбари Абэ Эймицу сўзга чиқиб, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ядро технологияларини ривожлантириш ва ушбу йўналишда тажриба алмашиш, шунингдек, истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, ядро технологиялари ва у билан боғлиқ тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, томонлар мавжуд ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги йўналишларда амалий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади. Бу борада икки давлатнинг соҳадаги салоҳияти ва мавжуд ҳамкорлик тажрибаси янги лойиҳалар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
– Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида иқтисодиётни модернизация қилиш ва энергетика соҳасини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотларни юксак қадрлаймиз. Япония ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатлар асосида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш борасида самарали мулоқот ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёр, – деди Абэ Эймицу.
Агентлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва технологиялар алмашинувини кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА