English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Япония ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон экологик муаммоларни ҳал этиш, табиатни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда. Бу йўналишда етакчи давлатлар билан тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Япония атроф-муҳит вазири ўринбосари Дои Кэнтаро бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Музокаралар давомида томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ҳамда замонавий экологик муаммоларга қарши кураш йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, экологик муаммолар глобал хусусиятга эга экани, уларни самарали ҳал этиш ва атроф-муҳитни ҳозирги ҳамда келажак авлодлар учун асраб-авайлаш мақсадида давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Япония атроф-муҳит вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат тенглик ва ўзаро манфаат тамойиллари асосида, барқарор ривожланиш мақсадлари, миллий қонунчилик ҳамда халқаро экологик битимларни инобатга олган ҳолда ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади. Меморандумга мувофиқ, ҳамкорлик иқлим ўзгаришига қарши кураш, атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтириш, сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ҳамда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш каби қатор муҳим йўналишларни қамраб олади.

Шунингдек, учрашувлар, конференциялар, симпозиумлар ва семинарлар ўтказиш, икки мамлакат мутахассислари ва экспертлари ўртасида ахборот алмашиш орқали салоҳиятни оширишга қаратилган қўшма тадбирларни амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Меморандум Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги экологик ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА