Ўзбекистон ва Япония молия соҳасида кадрлар тайёрлашни кенгайтирмоқда
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Япония Молия вазирининг халқаро масалалар бўйича ўринбосари Суити Хосода билан учрашув ўтказилди.
Мулоқот давомида томонлар молия соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва иқтисодий сиёсат йўналишларида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, вазирлик тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма ўқув дастурларини кенгайтириш, замонавий билим ва кўникмаларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда Япония Молия вазирлиги ҳузуридаги Сиёсий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, молия соҳасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, “Tosh Tech” университети фаолияти доирасида халқаро экспертлар иштирокини кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида академик ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама этилди.
Якунда томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, таълим ва илмий соҳада янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА