Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида ерости сувларини рақамли мониторинг қилиш лойиҳаси амалга оширилади
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган «InnoWeek-2026» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Наманган давлат техника университети ҳамда Венгриянинг «GeoGold Kárpátia Environmental and Engineering Expert Ltd.» компанияси ўртасида қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказиш бўйича шартнома имзоланди.
Икки томонлама ҳамкорлик алоқалари 2025 йилда йўлга қўйилган бўлиб, Инновацион ривожланиш агентлиги делегациясининг Венгрияга ташрифи чоғида «GeoGold Kárpátia» компанияси билан тегишли меморандум имзоланган эди.
Мазкур шартнома эришилган келишувларнинг амалий ижросига қаратилган бўлиб, унга мувофиқ «Фарғона водийсидаги ерости сувларини бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида ерости сувларини мониторинг қилиш учун 245 та рақамли мини-станция барпо этиш режалаштирилган. Ушбу жараён қурилмаларнинг техник дизайнини ишлаб чиқиш, дастурий таъминотни яратиш, тажриба намуналарини синовдан ўтказиш ва босқичма-босқич серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ўз ичига олади.
Беш йилга мўлжалланган ушбу ташаббус ерости сувларини мониторинг қилиш тизимига замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Азиза Алимова, ЎзА